18:56 / 08.10.2020
10696

Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти билан Қирғизистондаги вазиятни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари Қирғизистондаги вазият ушбу мамлакат Конституциясига мувофиқ тез фурсатда барқарорлашиши зарурлигини қайд этишди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 8 октябрь куни Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

«Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги долзарб масалаларни батафсил кўриб чиқдилар. Халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва қардошлик ришталари, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган фаол мулоқотни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Коронавируснинг глобал миқёсда тарқалиши оқибатларини самарали енгиб ўтиш мақсадида амалий ҳамкорлик бўйича, энг аввало, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транзит, қишлоқ хўжалиги ва бошқа муҳим тармоқлардаги лойиҳаларни илгари суриш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шу маънода икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари томонидан ўтган ойда ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувларнинг самарали натижалари ижобий баҳоланди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари 2019 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида қабул қилинган қарорлар ва эришилган келишувлар ижросининг боришини муҳокама қилдилар.

Тизимли ва барқарор тус олаётган ушбу муҳим формат доирасида сермаҳсул мулоқот олиб борилаётгани мамнуният билан таъкидланди.

Кўп томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида хавфсизлик, иқтисодиёт, инновациялар, транспорт, фан, таълим ва маданият соҳалари кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбарлари Қирғиз Республикасидаги воқеалар ривожига алоҳида тўхталдилар. Ушбу мамлакатдаги вазият Қирғизистон Конституциясига мувофиқ ҳолда тез фурсатда барқарорлашиши зарурлиги қайд этилди.

Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Суҳбат ҳар доимгидек самимий, конструктив ва дўстона руҳда ўтди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни Бишкекда ҳукуматни қўллаб-қувватловчи икки партия ғолиб чиққач, парламент сайловлари натижаларига қарши намойишлар бошланди. Тинч бошланган акциялар кечга бориб, ҳуқуқ-тартибот органлари билан тўқнашувларга айланиб кетди. Бир неча юз киши яраланди, бир киши вафот этди.

6 октябрь тонгида намойишчилар Қирғизистон парламенти ва президент маъмурияти жойлашган бинони эгаллади. Шундан сўнг намойишчилар Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига кириб, собиқ президент Алмазбек Атамбоевни ва собиқ бош вазир Сапар Исаковни озод қилишди.

Шу куни Марказий сайлов комиссияси парламент сайловлари натижаларини ҳақиқий эмас деб топди, парламент раҳбари ва бош вазир истеъфога чиқди.

Президент Сўронбай Жээнбеков содир бўлган воқеаларни ҳукуматни ноқонуний эгаллашга уриниш деб атади. 

8 октябрь куни Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши президент Сўронбай Жээнбеков ғойиб бўлганини маълум қилди. Унинг матбуот котиби эса у Бишкекдалигини билдирди.

Бундан олдинроқ Ўзбекистон раҳбари Россия, Тожикистон ва Қозоғистон президентлари билан ушбу мамлакатдаги вазиятни муҳокама қилганди.

Мавзу
Қирғизистонда ҳукумат алмашинуви
Қирғизистонда парламент сайловлари натижаларидан норози бўлган мухолиф партиялар инқилоб амалга оширишди.
Барчаси
Top