05:55 / 09.10.2020
10708

Туркия Қора денгизнинг С-400 синовлари ўтказилиши мумкин бўлган қисмини кемачилар учун ёпди

Туркия Қора денгизнинг Синоп шаҳри яқинидаги қисмини 13 октябрдан 16 октябргача ёпишга қарор қилди. Таъкидланишича, бу Россиядан сотиб олинган С-400 тизимлари синовлари билан боғланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Туркия томонидан кемачилар учун эълон қилинган огоҳлантиришда айтилган.

Фото: Global Look Press

Аввалроқ Туркия Қора денгизда С-400 синовларини ўтказмоқчилиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. 

Огоҳлантиришда синовлар вақтида кемачилар учун хавфли бўладиган ҳудуд координаталари кўрсатилган. 

Таъкидланишича, жорий ҳафтада ушбу ҳудуд “отиш машғулотлари” ўтказилиши сабабли кемачилар учун 9 октябргача хавфли ҳудуд деб эълон қилинган. Синопдаги маҳаллий нашрлар шаҳар бўйлаб С-400 тизими ортилган оғир транспортёрлар колоннаси ўтгани сурати ва видеоларини эълон қилган.

Turkish Minute нашрининг ҳукумат ҳужжатига таяниб маълум қилишича, Синопдаги ракета полигонига С-400’ни синовдан ўтказиш учун 10 та Banshee ҳаво нишони етказилган. Ҳужжатда айтилишича, синовлар С-400’нинг жанговар тайёрлиги, радарлар ёрдамида нишонларни топиши ва кузатиб бориши, алоқа имкониятлари, отишларнинг бошқарилишини текшириш учун ўтказилади.

 

Top