08:47 / 09.10.2020
6675

Хиёбонлар ва истироҳат боғларини сақлаб қолиш тўғрисида қонун ишлаб чиқиш таклиф этилди 

Хиёбонлар ва истироҳат боғларини сақлаб қолиш тўғрисида қонун ишлаб чиқиш таклиф этилди. Тегишли петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида жойлаштирилди.

Фото: Ғафур Ғулом боғи

Ўзбекистон ҳудудида жойлашган барча хиёбонлар, истироҳат ва маданият боғларини ҳамда уларнинг ҳудудларида жойлашган дарахтлар ва ўсимлик оламини сақлаб қолиш мақсадида Олий Мажлис томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Хиёбонлар, истироҳат ва маданият боғларини сақлаб қолиш тўғрисида”ги қонунини ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилган.

“Ушбу қонунда қуйидагиларни назарда тутиш керак: 

биринчидан, давлатга қарашли хиёбон, истироҳат ва маданият боғларининг хусусийлаштирилишига ёки ёпилишига йўл қўймаслик; 

иккинчидан, хиёбонлар, истироҳат ва маданият боғларига кириш барча учун бепул бўлишини белгилаш; 

учинчидан, хиёбонлар, истироҳат ва маданият боғлари ҳудудидаги инсон ҳаётига хавф солмаётган дов-дарахтлар ва ўсимликларнинг кесилишига ёки нобуд бўлишига йўл қўймаслик; 

тўртинчидан, хиёбонлар, истироҳат ва маданият боғлари ҳудудларида автомобиль қатновини тақиқлаш ва бошқа зарур нормалар назарда тутилиши лозим”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Олий Мажлис томонидан “Хиёбонлар, истироҳат ва маданият боғларини сақлаб қолиш тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш таклиф қилинган.

Top