17:24 / 11.10.2020
9450
Реклама

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида экспорт кўрсаткичлари юксалмоқда

Мураккаб пандемия шароитида ҳам Олмалиқ кон-металлургия комбинати меҳнат жамоаси томонидан ишлаб чиқариш жараёни тўхтатилмаган ҳолда, маҳсулотлар хорижлик истеъмолчиларга узлуксиз экспорт қилинмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида Хитой, Туркия давлатларига 74 минг 592 тонна мис катоди экспорт қилиниб, режа 113,3 фоизга бажарилган.

Ўтган даврда Туркия, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғистон, Болгария, Озарбайжон, Қирғизистон ва украиналик истеъмолчилар учун 3021 тонна мис қувурлари юборилиб, экспорт режавий вазифаси 126,9%га бажарилган.

Сир эмаски, рух металлига йилдан йилга талаб ортиқ бормоқда. Ўтган 9 ой давомида Россия, Туркия ва Украина давлатларига 55819 тонна рух металли етказиб берилган.

Кимё саноатида кенг фойдаланиладиган сульфат кислотаси экспорт режаси ҳам 121,6%га бажарилди. Хусусан, қозоғистонлик ҳамкорларимизга ўтган давр мобайнида 34052 тонна сульфат кислотаси экспорт қилинган. Шунингдек, қўшни давлатга 79375 тонна қўрғошин концентрати жўнатилиб, режа 136,4%га уддаланган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг фойдаланиладиган мис купороси экспорти борасида ҳам қувонарли натижалар қайд этилган. Комбинат томонидан ишлаб чиқарилаётган ушбу маҳсулотнинг асосий харидорлари бўлган Польша, Украина, Беларусь, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Индонезия давлатларига 5539 тонна мис купороси юборилган ҳолда режа 131,9%га адо этилди.

Қаттиқ қотишмали материаллар тайёрлашда асқотувчи молибден металли экспорти бўйича режа 106,4%га бажарилди. Ушбу металлнинг асосий харидори Нидерландия давлати бўлиб, ўтган ҳисобот даврида голландларга 490 тонна молибден етказиб берилган.

Маълумки, ҳозирда комбинат мутахассислари томонидан ноёб ва нодир металларни олиш бўйича самарали изланишлар олиб борилиб, қувонарли ютуқларга ҳам эришилмоқда. Олинаётган ноёб металлар экспортга йўналтирилиб, хорижда эътироф этиляпти. Жумладан, 2020 йил январь-сентябрь ҳолатига ана шундай қимматбаҳо металлар сирасига кирувчи рений экспорт режаси 361,6%га, шунингдек, теллур экспорти 176,7%га, селен экспорти 320%га бажарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 

Қурилиш соҳасида асосий материал ҳисобланган цемент ва портландцемент экспорти бўйича натижалар ҳам қувонарли. Жумладан, ўтган даврда 6064 тонна порландцемент Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатларига экспорт қилинган. 116516 тонна цемент маҳсулотига эса қўшни Афғонистон давлати харидор бўлган.

ОКМК Ахборот хизмати

Top