21:14 / 11.10.2020
12408

Сўз эркинлиги, сиёсий қарорлар ва рейтинглар. Молия вазири ўринбосари билан суҳбат

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг тутган ўрни, уларнинг аҳамияти ва рейтингларда юксалиш масаласида Kun.uz’га интервью берди. У рейтинглар масаласи сиёсий қарорлар оқибатида ўзгариши, бу эса иқтисодий фаровонликка таъсир қилишини маълум қилган.

— Ўзбекистонга рейтинглар нима учун керак?

— Аслида, рейтинг ва индекслар бирон-бир поғонани эгаллаш ёки маълум бир кўрсаткични намойиши учун эмас, балки халқимизнинг фаровонлиги, инсон ҳуқуқлари топталмаслиги ва сўз эркинлиги фақат қоғозда эмас, амалда ҳам бўлишини таъминлаш учун керак. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати, реал ўзгаришлар ва натижа учун қаратилган ҳаракати рейтинглар ва халқаро индекслар билан ишлаш чамбарчас боғлиқ, деб ҳисоблайман. Буни нафақат халқаро жамият олдидаги, балки ўз халқимиз олдидаги ҳисобдорлик, десак ҳам бўлади. Бу статистика учун эмас, бунда халқнинг кайфияти ва муносабатини ўрганиб, муаммоларга таъсирли чоралар кўриш мақсади мавжуд.

Одилбек Исоқов

— Авваллари халқаро рейтинг агентликларининг бизга бераётган айрим баҳолари, рейтинг ташкилотларида кўрсатилган позициямиз инкор этилган. Эндиликда эса биз рейтингларга киришга ҳаракат қилмоқдамиз, бунинг сабаби нимада?

— Биз айни пайтда 24та рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини қабул қилмоқдамиз ва уларда юксалиш учун ҳаракат қиляпмиз. Бунинг сабаби — халқаро ҳамкорларимиз Жаҳон Банки ва бошқа бир қатор ташкилотлар, инвесторлар бизнинг бу натижаларимизга қандай баҳо беришини ўрганмоқчимиз. Таъкидлаганимдек, бу — муаммоларга очиқ юзланиш ва уларни ҳал этиш учун қадам, давлат раҳбарининг сиёсати. Мана шу рейтинглар орқали суверен облигацияларимизни жаҳон бозорига муваффақиятли жойлаштирдик, илгари ёпиқ бўлган, баъзи маълумотлар жумладан давлат қарзи, олтин ишлаб чиқариши ҳақидаги маълумотлар ўз махфийлигини йўқотди ва жамоатчилик назорати ҳам ўрнатилди. Рақамларни очиқлаб, иқтисодий қудратимизни ошкор қилганимиз туфайли, мамлакатларга хос хатарларни тавсифлаш рейтингида 6 гуруҳдан 5 гуруҳга кўтарилдик. Бу ўз навбатида, халқаро кредитларни суғурталашда 60-70 миллион долларни иқтисод қилиш имкониятини берди.

— Рейтингларда илдамлашга ҳаракат қилаётган ҳукумат бир пайтда ички сиёсатда турли хил камчиликларни қайта-қайта қилиши — ўзаро номутаносиблик эмасми?

Олий раҳбариятни хоҳиш ва сиёсий-иродалари билан уларни жойларда амалга ошириш ҳар доим ҳам тўғри келавермайди. Мисол учун, ривожланишимизга янада катта ҳисса қўшадиган баъзи қарор ва фармонлар ижроси юз фоиз амалга оширилмаяпти. Бу олий раҳбарият ва жойлардаги ижрочиларнинг хоҳиш-истакларидаги фарқдан келиб чиқмоқда. Ривожланган давлатларда ҳам бугун қарор чиқса, эртага ҳаммаси ўзгармайди. Бунинг учун унинг ижросини доим талаб қилувчи парламент ва жамоатчилик назорати фаол бўлиши керак. Журналистлар қанчалик масалаларга эътибор қаратиб, муаммонинг чуқур илдизига кирса, бу ҳақда жамоатчиликда маълумот кўп бўлса, қарор ва фармонларнинг ижроси шунчалик яхшиланади. Бу сиёсий муҳитга ҳам таъсир қилади.

— Рейтинглардаги ўринларнинг яхшиланиши сиёсий жараёнлар билан боғлиқ, деб ўйлайсизми?

— Ҳа, албатта. Фақат иқтисодий тарафини ҳисобга олган ҳолда сиёсий ёки ҳуқуқий жиҳатларини тўғриламаса фойдаси камроқ бўлади. Масалан, мулк ҳуқуқи билан кўп муаммо бўляпти. Қанчалик бир муаммо кўп гапирилса, у шунчалик тезроқ яхшиланиши мумкин. Жойларда мутасаддилар масаланинг жамоатчилик эътиборида эканини англаб, ҳаракатланади. Хориждаги ривожланган давлатларда ҳам ОАВ эркинлиги, жамоатчилик назоратини тўсиб қўйсангиз, уларда ҳам муаммолар кўпаяди.

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов билан суҳбатни Youtube орқали тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Отахон Юсупов.

Top