Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов Ўзбекистоннинг молиявий барқарорлиги ва келажакдаги ўсиш истиқболлари бўйича IntelliNews нашрига интервью берди.

Пандемия даврида иқтисодий ўсишга қандай эришилди?

Одилбек Исоқов дастлаб ўтган йилги коронаинқироз даврида республика иқтисодиёти нималар ҳисобига ўсишга эришганига тўхталган.

«Ўзбекистон иқтисодиёти 2020 йилда 1,7 фоиз ўсди. Бу минтақадаги саноқли давлатларда кузатилган ижобий кўрсаткичлардан бири бўлиб, ҳукумат ва халқаро молия институтлари кутганидан ҳам яхшироқ натижа эди.

Бунинг асосий омилларидан бири қишлоқ хўжалигининг нормал ҳолатда ишлагани билан боғлиқ. Яъни ушбу тармоқ иқтисодиётнинг учдан бир қисмини ташкил этади. Иккинчидан, ишлаб чиқариш компанияларининг карантин чекловлари вақтида ҳам ишлаши таъминланди. Албатта, металл ва тоғ-кон саноати, энергетика ва коммунал хизматлар, нефт ва газ каби тармоқлар иқтисодиёт таянчидир.

Ўтган йили автомобил ишлаб чиқариш ҳам ўсди ва янги машиналарнинг ички савдоси ошди. Катта тўйлар учун сарфланмаган пулларнинг бир қисми (карантин чекловлари вақтида тақиқланган) автомобиллар ва бошқа маҳсулотлар сотиб олиш учун сарфланган», дейди вазир ўринбосари.

2021 йилда Ўзбекистон иқтисоди қанча ўсишга эришиши мумкин?

Исоқовга кўра, 2021 йилда республика иқтисодиётида сезиларли ўсиш бўлиши прогноз қилинмоқда.

«Ўзбекистон ҳукумати бу йил иқтисодиёт 5 фоиз ва ундан кўпроқ ўсишини кутмоқда. JP Morgan va Standard & Poor's каби баъзи молиявий хизматлар тахминлари бундан ҳам ижобий. Иқтисодиёт ўсиб бориши натижасида мамлакатда иш ўринлари яратилади, шу билан бирга даромадлар даражаси ҳам ошади.

2023 йилга бориб мувозанатли консолидацияланган бюджетга эришишини мақсад қилганмиз. Умидимиз шуки, умумий молиявий баланс 3 фоиз остида қолади. Бу нолга айланиши мумкин, лекин биз буни яқин келажакда тасаввур қила олмаймиз.

Давлатнинг бу йилги қарз олиш миқдори (бюджет қонунига мувофиқ) 5,5 млрд долларга тенг бўлади. Шундан 500 млн доллар ғазна облигациялари ва векселлари (маҳаллий қарзлар) учун ажратилади. 5 млрд доллар ташқи қарз бўлиб, унинг 3,3 млрд доллари инвестиция харажатларига сарфланади», дея таъкидлаган у.

Вакцинация - бу ечим