02:40 / 17.10.2020
18889

Газ экспорти камайгани аҳолини газ билан таъминлаш даражасини ошириш учун етарли эмаслиги айтилди

Ўзбекистонда табиий газ экспортининг камайиши ҳозирча ички истеъмолчиларга етказиб бериладиган газ ҳажмини ошириш учун етарли эмас, деб маълум қилди «Ҳудудгазтаъминот» АЖ масъул ходими Абдусаттор Қаюмов.

16 октябрь куни куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар хавфини камайтириш бўйича қилинаётган ишлар мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда масъулларга нобоп иситиш мосламаларидан фойдаланиш оқибатида келиб чиқаётган нохуш ҳолатларга табиий газ етишмовчилиги ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги, Россия ва Хитойга газ экспорти камайтирилгани ҳисобига ҳудудларни кўпроқ газ билан таъминлаш имкони юзага келмадими, деган мазмунда савол берилди.

Саволга «Ҳудудгазтаъминот» АЖ масъул ходими Абдусаттор Қаюмов жавоб берди.

«Ҳозирги кунда республикамизда табиий газдан фойдаланадиган истеъмолчиларимиз 3,7 миллиондан ошади. 3,3 млн истеъмолчи эса суюлтирилган газдан фойдаланади. Табиий газ билан таъминлаш имкониятимиз бор жойларга табиий газ етказиб беряпмиз, лекин имконият йўқ бўлган жойга табиий газ олиб борамиз десак, муаммоларни кўпайтиришимиз мумкин.

Ҳозирги кунда ишлаб чиқарилиб, бизга етказиб берилаётган газ ҳажмидан келиб чиқиб истеъмолчиларга етказиб беряпмиз. Агар ресурслар кўпайса, етказиб бериш ҳажмини ҳам кўпайтириш мумкин, лекин ҳозирги кунда, хабаринглар бор, кўп қаватли уйлар қуриляпти, чет эллик инвесторлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишяпти – буларнинг ҳаммаси биринчи ўринда табиий газ бер, деб сўрашяпти. Шунинг учун табиий газнинг қўшимча ресурслари ҳосил бўлган тақдирдагина уни етказиб беришимиз мумкин, лекин ҳозирги кунда унақа имкониятимиз йўқ.

Экспортнинг камайиши ички истеъмолчиларга етказиб бериладиган газ ҳажмини оширадиган даражада ҳали ёрдам бермади. Туман ва вилоят марказларидаги [янги] кўп қаватли уйларда ҳозир аввалгидек марказлашган иситиш тизими эмас, локал – ҳар бир хонадонга икки контурли иситиш мосламалари ўрнатиляпти, уларнинг соатлик сарфи – 2,4 кубометр, яъни ҳовлили хонадоннинг газини олади», – деди Абдусаттор Қаюмов.

Шу йил июль ойида Ўзбекистондан Россияга табиий газ экспорти бутунлай тўхтагани, Хитойга экспорт ҳажми эса 3 бараварга камайгани маълум бўлганди. Август ойида энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Жўрабек Мирзамаҳмудов Россияга белгиланган нархларда газ сотиш «иқтисодий жиҳатдан манфаат бермай қолгани»ни айтганди.

Top