20:20 / 18.10.2020
4461

SpaceX яна 60та сунъий йўлдошни орбитага олиб чиқди

SpaceX 2020 йилда бутун Шимолий Америка, 2021 йилда эса деярли бутун сайёра ҳудуди компания интернет тармоғи билан қамраб олинишини маълум қилган.

Фото: SpaceX

Якшанба куни Falcon 9 ташувчи ракетаси Ер яқинидаги орбитага Starlink глобал интернет тармоғи учун мўлжалланган 60та сунъий йўлдошдан иборат партияни олиб чиқди. Бу ҳақда SpaceX компанияси хабар бермоқда.

Бу Starlink лойиҳаси доирасида интернет-сунъий йўлдошларининг ўн тўртинчи марта орбитага олиб чиқилишидир. Лойиҳа ўтган йилнинг май ойида бошланганди. 60та сунъий йўлдошдан иборат аввалги партия 6 октябрда учирилганди.

Эндиликда орбитал гуруҳдаги сунъий йўлдошлар сони 833тага етди. SpaceX компанияси дунёдаги энг йирик сунъий йўлдош оператори ҳисобланади.

Компания келгусида Ер юзининг исталган нуқтасини кенг полосали интернет тармоғи билан таъминлаш учун 12 мингта сунъий йўлдошдан иборат орбитал гуруҳни жойлаштирмоқчи.

SpaceX 2020 йилда бутун Шимолий Америка, 2021 йилда эса деярли бутун сайёра ҳудуди компания интернет тармоғи билан қамраб олинишини маълум қилган. Ушбу лойиҳани амалга ошириш қиймати 10 млрд доллар деб баҳоланмоқда.

Top