22:24 / 19.10.2020
6897

МИБ: Пойтахт ҳокимлиги тўлаши керак бўлган 401,5 млн сўм компенсация бўйича ижро ҳужжати келиб тушмаган

Ажабланарлиси, суд қарори чиққанига икки ой бўлмоқда.

17 октябрь куни Kun.uz сайтида «Пойтахт ҳокимлиги тадбиркорга 401,5 млн сўм компенсация тўлайдиган бўлди. Аммо икки ойга яқин вақт ўтдики, суд қарори ижро этилганича йўқ» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Мақолада Тошкент шаҳар ҳокимлиги «NIYAT SERVIS» хусусий корхонасига тегишли бўлган мол-мулкни давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олгани муносабати билан тўланиши лозим бўлган компенсация пулларини бермай келгани акс этган. Бизнес-омбудсманнинг Тошкент туманлараро иқтисодий судига киритган аризаси қаноатлантирилиб, тадбиркорга 401,5 млн сўмлик компенсация тўланадиган бўлган.

Бизнес-омбудсман матбуот хизмати мақолага муносабат билдирди.

«Тошкент шаҳар Миробод туманида фаолият кўрсатаётган «NIYAT SERVIS» хусусий корхонасига тегишли бўлган Миробод туман, Меҳржон кўчаси, 35-уй манзилидаги 1 365 226 773 сўмга баҳоланган 495 кв. метрлик бино-иншооти шаҳар ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган.

[...] Суднинг жорий йил 27 августдаги қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилиб, Тошкент шаҳар ҳокимлигидан тадбиркор фойдасига 401 539 593 сўм ундирилиши белгиланган. Шу боисдан ҳозирда ижронинг таъминланишини сўраб, МИБга хат киритилган», – дейилади Бизнес-омбудсман ахборотида.

МИБ матбуот хизматининг бу масала юзасидан Kun.uz'га берган маълумотига кўра, бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси ёки туман бўлимларига бу каби ижро ҳужжати келиб тушмаган. Ушбу ижро ҳужжати МИБнинг Тошкент шаҳар бошқармасига келиб тушган тақдирда ижро ҳаракатлари ҳақида маълум қилиниши билдирилди.

Top