00:17 / 20.10.2020
7156

Алиев ва Пашинян Тоғли Қорабоғ бўйича шахсан музокаралар ўтказишга тайёр эканликларини билдиришди

Фото: Reuters

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғ ихтилофини ҳал қилиш учун Москвага музокаралар ўтказиш учун келишга тайёр эканликларини билдиришди. Пашиняннинг таъкидлашича, ихтилоф фақат тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим. Алиев эса зиддиятга чек қўйиш ва ихтилофни ҳал қилиш йўлларини топиш кераклигини айтган.

“Тоғли Қорабоғ ихтилофи тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим, бу бизнинг позиция. Афсуски, Озарбойжон бунга рози эмас. Мен бундай натижага эришиш учун барча зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишга, жумладан учрашиб, гаплашиб олишга тайёрман”, деб маълум қилган Арманистон бош вазири ТАСС ахборот агентлигининг тегишли саволига жавобан.

Шу билан бирга, Пашинян ихтилофнинг ечими муросага асосланиши лозимлигини айтган. “Бир томоннинг капитуляцияси эмас, балки муросага”, деб таъкидлаб ўтган Пашинян.

“Бошқа томон бунга тайёр бўлмаса, унда биз халқимиз, Тоғли Қорабоғдаги юртдошларимиз ҳуқуқлари учун охиригача курашишга тайёрмиз. Ўйлайманки, бу Арманистон ҳукумати, халқи, арман диаспораси позицияси, бу адолатли ва конструктив позиция”, деб таъкидлаб ўтган Арманистон бош вазири. 

Ўз навбатида Озарбойжон президенти Бокунинг арман томони билан Москвада музокаралар ўтказишга тайёрлигини айтган. “Биз зиддиятга чек қўйиш ва ихтилофни ҳал қилиш йўлларини топиш учун Москвада ёки исталган бошқа жойда учрашишга тайёрмиз”, деб айтган Алиев.

Унинг таъкидлашича, Боку “ҳар қандай контактга тайёр”. “Мен ушбу вазиятда бундай таклиф олмадим, шу сабабли бу савол менга эмас. Кўп марта Россия президенти Владимир Путин, унгача эса Дмитрий Медведев шахсан Арманистон ва Озарбойжон раҳбарлари ўртасида уч томонлама учрашувлар ўтказишган. Бироқ Арманистонда ҳокимият шартли “Сорос” қўлига ўтгандан кейин бундай алоқалар тўхтаган”, деб таъкидлаб ўтган Озарбойжон раҳбари. 

Алиевнинг таъкидлашича, икки давлат ташқи ишлар вазирлари учрашувини ташкиллаштириш таклифи тушганда Озарбойжон дарҳол бунга рози бўлган. “Бу ҳам бизнинг позициямиздан дарак беради, ахир ўшанда Озарбойжон армияси стратегик ҳудудларнинг бир қисмини озод қилганди. Ихтилоф бораётганига 10 кун бўлганди ва ким нимага қодирлиги ҳаммага деярли аён бўлганди. Кейинги жанговар ҳаракатларнинг қандай боришини тахмин қилиш қийин эмасди. Бироқ биз бунга қарамай, вақтни чўзиб ўтирмадик ёки рад жавоби бермадик. Биз “Ҳа, тайёрмиз”, деб хайрихоҳлик билдирдик”, деб қўшимча қилган Алиев.
Тоғли Қорабоғда 27 сентябрдан буён қуролли тўқнашувлар давом этмоқда. Аввалроқ Москвада Озарбойжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари Жайхун Байрамов ва Зограб Мнацаканян ўртасида Тоғли Қорабоғ бўйича музокаралар бўлиб ўтганди. Улар якунларига кўра оташкесим тўғрисида битим имзоланганди. 

Top