11:11 / 21.10.2020
7363

Генерал-майор Баҳодир Қурбонов ва генерал Кеннет Маккензи ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилди

Америка Қўшма Штатлари Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Кеннет Маккензи бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида бўлди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ва АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Кеннет Маккензи икки мамлакат ўртасида ҳарбий ҳамда ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ташкилий-амалий муносабатлар юзасидан ўзаро фикр алмашишди. 

Учрашув давомида мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди, дейилади хабарда.

Шу куни делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академиясида ҳам бўлиб, у ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. 

Меҳмонларга ушбу олий ҳарбий таълим муассасасида лейтенантлар тайёрлаш, офицерлар малакасини ошириш, Қуролли Кучлар тизими учун қўмондонлик таркибига мансуб офицерларни қайта тайёрлаш ишларининг бориши хусусида атрофлича маълумотлар берилди. 

Делегация аъзолари Қуролли Кучлар академияси тингловчиларининг Америка Қўшма Штатлари профессор-ўқитувчилари билан онлайн тарзда олиб бораётган ўқув машғулотларини кузатди.

Top