22:41 / 23.10.2020
9024

Ҳилол Насимов янги фильм суратга олмоқда. У ўзбек ва қозоқ халқларининг дўстлиги ҳақида

Таниқли кинорежиссёр Ҳилол Насимов янги фильм суратга олмоқда. Кейинчалик Қозоғистон ва Беларусда суратга олиниши режалаштирилаётган фильм айни дамда Қўқонда суратга олинмоқда.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинаётган «Мерос» бадиий фильмининг айрим эпизодлари Қўқон шаҳрида ҳам тасвирга олинмоқда.

Фильм ўзбек ва қозоқ халқларининг қадимий дўстлиги, анъана ва эътиқодларининг бирлиги ҳақида ҳикоя қилади. Фильмнинг Қўқон шаҳрида тасвирга тушириладиган эпизодлари учун темирйўл вокзали яқинидаги ҳудуд танланди ва у ерда махсус павильон яратилди.

Бадиий фильмнинг Қўқон шаҳридаги тасвирга олиш жараёнларида картина қаҳрамонлари – ўзбек йигити Бахшулло ва қозоқ қизи Айгулнинг урушдан кейинги узоқ кутилган учрашуви тасвирланган.

Фильм режиссёри – Ҳилол Насимов ва унда Рустам Каримов, Мунаввара Абдуллаева, Ғайрат Ҳусайинов, Бобур Айтбагамбетов, Фотиҳ Насимов, Ойсанам Юсупова сингари актёр ва актрисалар роль ижро этмоқда.

Ижодкорларнинг Kun.uz'га маълум қилишича, фильмни Ўзбекистонда тасвирга олиш ишлари якунланмоқда. Қолган қисмлар Қозоғистон ва Беларусда суратга олиниши режалаштирилган.

Top