11:37 / 23.10.2020
6218

Навоий вилояти ҳокими айрим маҳсулотлар нархи ошишига «чаққон олибсотар»лар сабаб эканини айтди

Бугун, 23 октябрь куни халқ депутатлари Навоий вилоят кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда депуатлар томонидан 2020 йил якуни ва 2021 йил май ойигача озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.   

Фото: Навоий вилоят ҳокимлиги

Сессияда Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов сўзга чиқиб, вилоят аҳолисини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида маълум қилди.

Ҳокимнинг маълумот беришича, вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, картошка, сабзи, пиёз, мева, полиз экинлари, узум, гўшт, сут, тухум, балиқ аҳоли истеъмоли учун белгиланган меъёрлардан ортиқ етиштирилган. Бу маҳсулотларнинг эҳтиёждан ортиғи бошқа ҳудудларга сотилган, 17 млн 378 минг долларлик 12 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот эса экспортга йўналтирилган.

Вилоят раҳбари Навоийда йилига 103,3 минг тонна гўшт ишлаб чиқарилиб, бунинг 41,3 минг тоннаси ҳудуд аҳолиси эҳтиёжлари учун йўналтирилишини, айни пайтда вилоятда 502,7 минг бош йирик шохли мол, 2,3 млн бош қўй ва эчки, 20,2 минг бош от ҳамда 3 миллиондан ортиқ парранда боқилмоқда. Чорвачиликни ривожлантириш мақсадида йил якунига қадар 43та хўжаликка 6,7 млрд сўмлик субсидия маблағлари эвазига хориждан 2,5 минг бош зотдор қорамол келтирилиши режалаштирилган. Шунингдек, 31та лойиҳа бўйича 5,1 минг бош чорва моллари боқиладиган хўжаликлар ташкил этилади. 2021 йилда эса 46та лойиҳа бўйича 19 минг бош қорамолчилик хўжаликлари ташкил этилиши кўзда тутилган. Муҳим жиҳати, шундан 14таси йирик бўрдоқчилик комплекси бўлиб, уларининг ҳар бирида минг бошдан ортиқ қорамол боқилади.

«2021 йилнинг апрель ойига қадар вилоят аҳолисининг ун маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи 37,7 минг тоннани ташкил этади. Шундан 37,2 минг тоннаси маҳаллий ва 0,5 минг тоннаси импорт маҳсулот ҳисобидан қопланади. Бугунги кунда ҳудудда 2та йирик ва 5та кичик ун ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд. Йил якунига қадар яна 2та донни қайта ишлаш корхонаси ишга туширилади. Бунинг ҳисобига аҳолининг ун маҳсулотига бўлган талаби тўлиқ қондирилади ва экспортга етказиб беришга ҳам эришилади.

Бундан кўриниб турибдики, вилоятимиз аҳолисини ун маҳсулоти билан таъминлашда ҳеч қандай муаммоларга дуч келинмайди ва ортиқча ташвишланишга ҳожат йўқ», дея Қобул Турсуновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, 2020 йил ноябрдан 2021 йил майгача вилоятда аҳолининг картошкага бўлган эҳтиёжи 21,7 минг тоннани ташкил этади. Шундан 13,7 минг тоннаси юртимизда етиштирилган маҳсулотлар ҳисобидан, 8 минг тоннаси эса импорт ҳисобидан қопланади. Вилоятда қиш-баҳор мавсуми учун 12 минг тонна картошка захираси яратиш режалаштирилган. Ҳозирда 94та тайёрлов корхоналари билан етказиб берувчи қишлоқ хўжалиги корхоналари ўртасида шартномалар тузилиб, жамғариш ишлари бошланган. Шунингдек, 8,2 минг тонна гуручга бўлган эҳтиёжнинг асосий қисми захира манбалари орқали жамғарилиб, январь-апрель ойларида тайёрлов корхоналари томонидан ички истеъмол бозорларида арзон нархларда сотилиши таъминланади.

Вилоят ҳокими 2021 йилда янги тажриба асосида 5 минг гектар ғўза ораларига, 12 минг гектар ғалладан бўшаган такрорий экин майдонларига кунгабоқар ва соя экиш режалаштирилаётганини ҳам айтиб ўтди. Бу ёғ маҳсулотининг импортини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, қиш-баҳор мавсуми учун Навоий аҳолисининг ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжи 4,7 минг тоннани ташкил этиб, бунинг 2,2 минг тоннаси импорт маҳсулот ҳисобидан қопланади. Ҳозирда вилоятда қуввати 14 минг тонна бўлган 3та йирик мой ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд. 2020 йилда Қизилтепа ва Хатирчи туманларида қуввати 10 минг тонна бўлган 2та мой ишлаб чиқарувчи корхона ишга туширилган.

Кейинги вақтларда Навоий бозорларида ҳам гўшт, тухум, ўсимлик ёғи, шакар каби маҳсулотлар нархининг беқарорлиги кузатилмоқда. 

«Бунинг асосий сабаби эса фидойи фермер ва деҳқонларимизнинг пешона тери эвазига етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари «чаққон олибсотар»лар томонидан 4-5 марта қўлма-қўл бўлиб, кейин халқимиз дастурхонига етиб бораётганидадир. Ишонтириб айтаманки, халқимизни барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашда муаммолар юзага келмайди ҳамда ортиқча саросима ва хавотирга ўрин йўқ», деган ҳоким.

Сессия ишида бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилган.

Top