23:05 / 26.10.2020
4695

Нью-Йоркда муддатдан олдин овоз беришни истовчиларнинг катта навбатлари юзага келди

Нью-Йорк шаҳрида АҚШ президенти сайловларида муддатдан олдин овоз беришни истовчиларнинг катта навбатлари юзага келмоқда. Бу ерда сайлов участкалари 24 октябрдан очилди ва сайловларнинг асосий куни – 3 ноябргача ишлайди. 

Фото: ТАСС

АҚШда муддатдан олдин почта орқали овоз бериш мумкинлигига қарамай, кўплаб америкаликлар ўз овозлари ҳисобга олинганига амин бўлиш учун сайловларда бевосита иштирок этишни маъқул кўришмоқда. 

“Биз сайловлар тинч ўтишини истаймиз. Қанчалик кўп одам олдинроқ келса, сайловларнинг асосий куни ҳаммаси шунчалик осон ўтади. Овозлар сохталаштирилишига йўл қўймаслик керак”, деб айтган Манхэттендаги сайлов участкаларидан бирига келган овоз берувчи.

“Биз бундай узун навбатдан ажабландик, бироқ охиригача турамиз. Шахсан мен учун муддатдан олдин овоз бериш ушбу сайловлар борасидаги хавотиримни енгишда ёрдам беради. Мен олдинроқ келиб, овозим ҳисобга олинганини, ҳаммаси мен учун ҳам, жамият учун ҳам тинч эканини олдинроқ текширишим мумкин”, деб айтган яна бир сайловчи. 

Нью-Йоркда анъанавий тарзда демократлар позициялари кучли саналади, шу сабабли кўплаб сайловчилар амалдаги президент, республикачи Дональд Трампнинг сайловлар бўйича рақиби Жо Байденни назарда тутиб, “ўзгаришлар учун овоз беришга” келганларини айтишган.

26 октябрга келиб АҚШда 60 млндан кўпроқ одам муддатдан олдин овоз бериб бўлди. Улардан 40,1 млндан кўпроғи почта орқали, 19,9 млнга яқини эса бевосита сайлов участкаларида овоз берган. 

Муддатдан олдин овоз берганлар сони бўйича Техас етакчилик қилмоқда. Бу штатда 7,3 млнга яқин америкалик овоз бериб бўлган. Кейинги ўринларни Калифорния (6,5 млн сайловчи), Флорида (6 млн) ва Шимолий Каролина (3,1 млн) эгалламоқда.

3 ноябрда АҚШ президентидан ташқари, вице-президент, 35 сенатор, вакиллар палатасининг барча 435 аъзоси, 13 губернатор сайланади.

Мавзу
АҚШ-2020
2020 йилнинг 3 ноябрида АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтади. 3 февраль куни демократлар қароргоҳида бирламчи сайловлар - кокуслар ва праймеризлар бошланган.
Барчаси
Top