20:35 / 27.10.2020
8315

Ўзбекистон чет элдаги айрим активларини сотиш, ижарага ёки ишончли бошқарувга беришни режалаштирмоқда

Президент «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида» фармон имзолади.

Фото: Shutterstock

Фармонга асосан, 2020 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикасининг чет элда жойлашган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан уларни сотиш, ижарага ёки ишончли бошқарувга бериш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

3 ой муддатда давлат улуши устун мавқега эга корхоналар ва тижорат банкларининг асосий фаолиятига мос бўлмаган активлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, уларни оммавий савдолар орқали сотиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилади.

2021 йил 1 февралга қадар, хорижий тажрибани ўрганган ҳолда махсус иқтисодий зоналар фаолиятига ташқи бошқарувни жорий этиш ҳамда уларни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича ҳам таклифлар ишлаб чиқилади.

Вазирлар Маҳкамасига икки ҳафта муддатда қуйидагиларни тасдиқлаш юклатилди:

  • тугатиш ёки банкротлик таомилларини қўллаш ташаббуси билан чиқиладиган истиқболсиз, фаолият кўрсатмаётган, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати;
  • муассаса сифатида қайта ташкил этиладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати;
  • филиал кўринишида қайта ташкил этиладиган давлат иштирокидаги корхоналар рўйхати;
  • давлат улуши сақлаб қолинадиган корхоналар рўйхати.
Top