14:53 / 03.11.2020
22369

GTL заводидаги норозилик юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Раҳбарлар ҳеч ким жазоланмаслиги ҳақида гапирганди

GTL заводи қурилишида қатнашаётган мингдан ортиқ ишчилар томонидан оммавий тартибсизликлар юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг 21 октябрь тонгида «UZBEKISTAN GTL» заводи ишчилари норозилик билдириб, завод мулкига зарар етказгани акс этган видеолар тарқалганди.

Ушбу тўполонда ишчилар заводга 480 миллион сўм зарар етказгани ҳақида хабар бермоқда Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Заводда ўрнатилган тартиб-қоидадан норози бўлиб безорилик қилганларга нисбатан вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 173-моддаси 2-қисми «в» банди ва 277-моддаси 2-қисми «б, в, е» бандлари билан жиноят иши қўзғатилгани айтилмоқда.

Маълум бўлишича, ишчилар эшик ва дераза ромларининг ойналарини тош ва темир жисмлар билан уриб синдирган, яроқсиз ҳолатга келтирган. Ходимларнинг хизмат хоналарига кириб, 19 турдаги 14 млн 320 минг сўмлик кузатув камералари, 9 дона ҳар хил турдаги 4 млн 365 минг сўмлик ёзув столлари, 27 млн 777 минг сўмлик кондиционерга – корхонанинг ҳаммаси бўлиб 480 млн сўмлик мол-мулкига шикаст етказган. 

Корхонанинг видеокузатув камераларидаги видеолар кўздан кечирилиб, ҳолатга алоқадор бўлган ишчилар жиноят иши доирасида гувоҳ тариқасида сўроқ қилингани ҳақида хабар берган Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, ишчилар норозилик билдирган куни Kun.uz мухбири ҳодиса жойида бўлиб, воқеа тафсилотларини ўрганганди.

ОАВ вакиллари билан суҳбатда «ERIELL» компаниялар гуруҳи бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов ҳамда «Enter Engineering Pte.Ltd.» компаниясининг GTL лойиҳаси дирекцияси директори Шуҳрат Арзиев вазиятга изоҳ бериб, тартибсизлик натижасида келтирилган зарар ходимларнинг ҳисобидан қопланмаслиги ва бирор киши ишдан бўшатилмаслигини маълум қилганди.

«Айни вақтда заводга келтирилган зарар ҳақида ўйламаяпмиз. Тартибсизликда қатнашган ишчиларимизга ҳам қандайдир чора кўриш ниятимиз йўқ. Чунки бугун ҳар бир ишчининг заводимиз қурилишида ўз ҳиссаси бор. Уларнинг талабларини қондирамиз», – деганди Шуҳрат Арзиев.

Маълум бўлишича, юз берган тартибсизликларда мингга яқин ишчи қатнашган.

Top