Интернет “Фарғонада саноат корхоналаридан газ узиб қўйилиши натижасида 10 минглаб аҳоли ишсиз қолмоқда, улар газ улаб берилишини сўраб, кўчага чиқишмоқда” сарлавҳали видеохабар Фарғона вилояти ИИБ томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон тумани Шўрсув МФЙдаги “Шўрсув” саноат зонасида жойлашган “Albus” гипс ишлаб чиқарувчи завод табиий газдан узилгани сабабли, заводда ишловчи ишчилар видеомурожаат орқали ўз эътирозларини билдиришган.

Вилоят ИИБ ахборотига кўра, республика бўйлаб ҳаво ҳароратининг пасайиши ва энергия тақчиллиги муносабати билан саноат корхоналарига газ етказиб бериш қатъий чекланган.

Бу чоралар қаторида Шўрсув шаҳарчасидаги “Albus Cement Group” заводидан ташқари, мазкур ҳудуддаги “Турон Эко Цемент”, “Турон ПФК”, “Шаффофсемент саноат”, “Қурилиш ашё сифат” МЧЖларга қарашли ишлаб чиқариш корхоналари ҳам Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баённомасига асосан 2022 йил 27 ноябр куни табиий газ тармоғидан муҳрлаш йўли билан узилган. Газни узиш юзасидан асослар мазкур завод ва газ етказиб берувчи корхона ўртасида тузилган шартномада ҳам кўрсатилган.

Маълум бўлишича, 29 ноябр куни туман газ идораси масъул ходимлари томонидан “ALBUS” заводига уланган газ тармоғи текширилганда, бу завод ўзбошимчалик билан газ тармоғига қайта ноқонуний уланиб олгани аниқланган ва далолатнома тузилиб, газ қувуридан яна бир бор кесиб қўйилган.

“Юзага келган объектив мураккаб шароитни тўғри тушунган ҳолда “Albus Cement Group” дан ташқари бошқа юқоридаги корхоналар муқобил ёқилғи (кўмир)га ўтишган.

Шундай бўлса-да, газ етказиб беришдаги объектив ҳолатдан завод директори, бошқарувчиларнинг ҳам тўлиқ хабари бўлиб туриб, 6 декабр куни завод иш юритувчиси А.Т. ва 20 га яқин ишчилари завод фаолияти тўхтаганидан норозилигини билдириш учун олдиндан қилинган режа ва таклиф қилинган учинчи шахслар иштирокида намойиш ташкиллаштирилган.

Ушбу намойишда ходимлар келишувга кўра атайин эҳтиросли сўзлар, чалғитувчи гаплар ва кескинлик ёрдамида, шунингдек ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотлар орқали ўз мурожаатларини етказишган ва видеомурожаат олдиндан ушбу ҳолатни тасвирга олишга таклиф қилинган инсонлар иштирокида Telegram-тармоғидаги “Olimjon Haydarov” каналида эълон қилинган”, – дейилади ИИБ ахборотида.

ИИБ юқоридаги ҳаракатларни “фуқароларнинг осойишталигини бузишда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик” ва “намойишлар ўтказиш тартибини бузиш” деб ҳуқуқий квалификация қилган.