15:47 / 03.11.2020
18340

Водийда октябрь ойиданоқ электр узилишлари бошланди. Масъуллар нима дейди?

Қиш яқинлашиши билан ҳар йилги муаммолар яна бўй кўрсата бошлайди. Бу ўша – электр таъминотидаги узилишлар, чекловлар... Аввалги йилларда водий вилоятларида бу муаммо декабрь ойининг ўрталарида бошланар эди. Жорий йил эса нисбатан эрта – октябрь ойининг охирги ўн кунлигиданоқ кузатила бошланди.

Ҳар йилгидан эртароқ бошланган электр муаммоси аҳоли ва тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Биз Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг «Ҳудудий электр тармоқлари» корхоналари раҳбарларидан совуқ кунлар олдидан аҳолини қийнаётган саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик.

Бу йил электр таъминотидаги узилишлар эрта бошланганининг сабаби нимада?

Жаҳонгир Ризаев, «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори:

– Ҳақиқатан ҳам ўтган йилларда электр таъминотидаги узилишлар ноябрь–декабрь ойларида бошланар эди. Бу йил октябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида ҳаво кескин тушиб кетиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб қарийб 1,5 баравар ошиб кетди. Оқибатда тизимда қувват етишмовчилиги пайдо бўлди.

Келинг, мана шу саволга батафсилроқ жавоб берсам. Президентимизнинг 4249-сонли қарорига асосан, «Ўзбекэнерго» АК ислоҳ қилиниб, унинг негизида учта алоҳида ташкилот ташкил этилди. Ҳаммамизга маълум, электр энергияси «Иссиқлик электр станциялари» томонидан ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарилган электр энергияси «Миллий электр тармоқлари»даги юқори кучланишли магистрал электр тармоқлари орқали «Ҳудудий электр тармоқлари» корхоналарига етказиб берилади. Биз бу ерда энг охирги вазифани бажарамиз, яъни тўғридан тўғри истеъмолчилар билан шартнома тузиб, истеъмолчиларга электр энергияси етказиб бериш билан шуғулланамиз. Вазифамиз шу.

Айтмоқчиманки, истеъмолчиларга электр энергияси етказиб беришдан корхонамиз моддий манфаатдор. Қанча кўп истеъмолчига электр энергияси етказиб берсак, корхонамизнинг иқтисодий кўрсаткичлари шунча ошади.

Ҳозирги кунда тизимда, яъни ишлаб чиқарувчи станцияларда ёқилғи ресурслари етишмагани натижасида қувват камайиб, натижада истеъмолчиларимизга талаб даражасида электр энергия етказиб берила олмаяпти. Бунинг асосий сабаби шу. Агар бизга етарли даражада электр энергияси етказиб берилса, биз ҳам истеъмолчиларга тўғридан тўғри тўлиқ талаб бўйича етказиб бера оламиз.

Дилшодбек Жалилов, «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори:

– Истеъмол ошганига назар солсак, кўп нарса ойдинлашади. Ўтган йил 1 октябрда бир суткада 13 млн киловатт/соат электр энергия олган бўлсак, бугунги кунга келиб 19 млн кВт/соатга ошди. Истеъмол 6 млн кВт.га ошган.

Аҳолидан, истеъмолчиларимиздан илтимос қилардимки, электр энергиясидан оқилона фойдаланишимиз керак. Асосий эҳтиёжлар учун – ёритиш ва маиший техникаларга ишлатишимиз зарур.

Ҳақиқатан ҳам октябрь ойи тугамасдан тармоқда чекловлар, ўчишлар, узилишлар кузатилиб турибди. Яна қайтариб айтаманки, бизнинг тармоқларимиз электр энергиясини қабул қилиб, истеъмолчиларга етказиб беришга тайёр. Лекин бугунги кунда ёқилғи танқислиги оқибатида, станцияларимизда ишлаб чиқариш ҳажми камайгани оқибатида шундай узилишлар бўляпти. Яъни 110 киловолтли тармоқларимизда чекловлар, автоматика тизимида бетартиб равишда ўчишлар юзага келмоқда.

Айни пайтда «Миллий электр тармоқлари» ҳам, «Иссиқлик электр тармоқлари» ҳам муаммони баратараф қилиш учун чора-тадбирларни белгилашяпти.

Бахтиёржон Обидов, «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори ўринбосари:

– Узилишлар 25 октябрдан бошланди. Бунинг сабаби – Туркманистон Республикаси энергия тизимидаги носозликлардир. Оқибатда эса соатига 730 мВт электр энергияси импорти тўхтаб қолди.

Муаммолар икки кун давом этди. Бундан ташқари, ҳаво совиб, вилоятда истеъмол ортиб кетди. Хонадонларда газ босими пасайиб кетгани ҳисобига иситиш электр энергияси орқали амалга оширилмоқда.

Ҳудудий электр тармоқлари куз-қиш мавсуми олдидан қандай ишларни амалга оширди?

Жаҳонгир Ризаев, «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори:

– Корхонамиз томонидан 2020-2021 йилларда аҳолига, ижтимоий соҳа ва тадбиркорлик субъектларига электр энергия етказиб бериш мақсадида куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича олдимизга қўйилган вазифаларнинг барчаси бажарилди.

Фавқулодда ўчишларни олдини олиш ёки содир бўлган аварияларни тезлик билан бартараф этиш мақсадида захира қурилмаларимиз, тезкор хизмат кўрсатиш бригадаларимизни тўлиқ ташкиллаштирдик.

Ҳозирда бу ишларни бажариш учун бизда етарли материал захираларимиз бор. Хизмат кўрсатиш ходимларимиз етарли. Транспорт воситалари билан тўлиқ таъминланганмиз.

Дилшодбек Жалилов, «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори:

– Бугунги кунда 2 400 км тармоқларни мукаммал таъмирладик. Белгиланган режа бўйича ишларни 100 фоиз бажаришга эришдик. 849 та трансформаторни ҳам таъмирга муҳтож жойларини мукаммал таъмирлаб, ёғ қуйиш ва бошқа масалаларни тўлиқ ҳал қилдик.

Тармоқларда жорий таъмирларни ҳам амалга оширганмиз. Бугунги кунда дарахт шохларидан тозалаш, авария бўлишининг олдини олиш учун симларни тортиб, таранглаб, бу йўналишдаги ишлар ҳам шаҳар ва туман эксплуатация ходимлари томонидан амалга оширилган.

Бахтиёржон Обидов, «Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори ўринбосари:

– Бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида 22 та шаҳар-туманларнинг ҳар бирида 22 та носозликни бартараф қилувчи махсус бригадалар ташкил этилган. Уларни керакли автомашиналар ва жиҳозлар билан таъминлаганмиз.

Бундан ташқари, жамиятимизнинг ускуналар билан таъминлаш устахонасида куйган трансформаторларни таъмирлаб, жойига олиб бориб қўйиш учун алоҳида бригадалар ташкил қилганмиз. Улар кун давомида навбати билан смена асосида ишлайди. Сутка давомида куйган трансформаторни олиб келиб, зудлик билан яна жойига олиб бориб қўйиш имконияти мавжуд.

Ҳозирда куйган трансформаторларни ўрнига олиб бориб қўйиб, алмаштириш ишларини ташкил қилиш мақсадида куз-қиш мавсуми учун 35 дона трансформатор пункти алоҳида захира сифатида марказий омборда сақланяпти.

Аҳоли қиш мавсумида электр таъминоти меъёрида бўлишидан умид қилса бўладими?

Жаҳонгир Ризаев, «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ бош директори:

– Албатта, бу йил ҳолат ижобий томонга ўзгариши аниқ. Йилдан йилга яхшиланяпти. Биз фавқулодда ўчишларнинг олдини олиш, аварияларни бартараф этиш учун етарли захирага эгамиз. Ходимларимиз ҳам, моддий-техник базамиз ҳам етарли.

Дилшодбек Жалилов. «Farg’ona hududiy эlektr tarmoqlari korxonasi» АЖ бош директори:

– Узлуксиз электр энергияси етказиб бериш учун тармоқларимиз тайёр. Қурилмалар, трансформатор пунктларимиз ҳам шай ҳолатда. Истеъмолчиларга электр энергия етказиб бера оламиз.

Бахтиёржон Обидов. «Andijon hududiy elektr tarmoqlari korxonasi» АЖ бош директори ўринбосари:

– «Андижон ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси бу йил куз-қиш мавсумига белгиланган барча ишларни амалга оширди. Агар бизга «Миллий электр тармоқлари» орқали узилишлар бўлмаса, аҳолини электр энергияси билан узлуксиз таъминлашга тайёрмиз.

Хулоса

Шуни айтиш лозимки, истеъмолчига электр энергиясини етказиб бериш муаммоси уч йирик ташкилот – «Иссиқлик электр станциялари», «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятлари бир бўлиб ва маромида ишласагина ҳал бўлади.

«Ҳудудий электр тармоқлари» корхоналари эса бу тизимнинг энг қуйи, истеъмолчи билан бевосита иш олиб борувчи бўғини бўлгани учун аҳоли вакиллари бу ташкилотни электр муаммоси келиб чиқишига сабабчи деб билади.

Соҳа вакиллари электрдаги узилишлар, чекловларга истеъмолчиларнинг токдан иситиш учун фойдаланаётганини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Бундан кўринадики, жойлардаги газ таъминоти корхоналари совуқ мавсумда энергетиклар билан «аравани тенг торта олмаяпти». Кўмир таъминоти эса ҳаминқадар. Бор куч электр тизими гарданига тушмоқда.

Наҳотки йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммонинг ечими бўлмаса?

Элмурод Эрматов,
Аҳрорбек Ёқубжонов.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top