Ўзбекистон | 07:48 / 27.04.2024
3270
2 дақиқада ўқилади

Электр, сув ва газдан қарздорликни йўқ қилиб бериш учун пул олганлар ушланди 

Табиий ресурслардан мавжуд қарздорликларни йўқ қилиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Хонобод шаҳри бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилди.

Унда, Хонобод шаҳар электр тармоқлари корхонаси электромонтёри Ш.К. “Б.Х.” МЧЖнинг “Анҳор” МФЙ ҳудудидаги кафе биносида электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани ҳолати бўйича ҳисобланган 32 млн сўм зарарни танишлари ёрдамида 2 млн сўмгача камайтириб бериши эвазига 300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, департаментнинг Учтепа туман бўлими ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖнинг Учтепа туман бўлими инспектори А.Б. фуқаро К.Д.нинг хонадонида ичимлик суви таъминотидан 7 млн сўм қарздорлигини йўқ қилиб бериши эвазига 5 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Жомбой туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, “Ҳудудгаз-Самарқанд” ГТФ туман бўлими ходими С.Қ. фуқаро М.М.нинг ишончига кириб, унинг хонадонини газ тармоғига қайта улаб, ҳужжатларини расмийлаштириб бериши эвазига 250 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид