16:19 / 05.11.2020
10929

Давлат қарзига ўрнатилган чеклов, янги кутилма ва режалар. Молия вазирлиги вакили билан суҳбат

2021 йил давлат бюджети лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди ва унда биринчи маротаба давлат қарзининг максимал чегараси белгиланди. Молия вазирлиги департамент директори Жасур Қаршибоев давлат қарзининг ЯИМга нисбатан 60 фоиз чеклови ҳақида батафсил маълумот бериб, бунинг моҳиятини тушунтирди.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик эътиборига ҳавола этилаётганда, давлат қарзининг белгиланган максимал чегараси маълум қилинди. Бу 60 фоиз нимани англатади ва бундан кўзланган мақсад нима?

– Олиб борилаётган сиёсат, қилинаётган саъй-ҳаракатларнинг туб моҳиятини халқимизга тушунтириб бериш биз Молия вазирлиги вакиллари, умуман, мутахассислар учун ҳам муҳим.

Бевосита сиз айтган саволга тўхталадиган бўлсак, 60 фоиз нима дегани? Аввало, таъкидлаб ўтиш керакки, давлат ялпи қарзига лимит қўйиш илк маротаба бўляпти. Лекин бу (ЯИМга нисбатан 60 фоиз давлат қарзининг пайдо бўлиши – таҳр.) бизнинг таргетимиз эмас. Яъни биз ўша кўрсаткичга эришишга ҳаракат қилмаймиз, балки ҳозир қўшимча чеклов киритиляпти: ундан ошмаслик ҳаракати. Хабарингиз бор, ўтган йили ташқи қарз жалб қилишга бир йиллик лимит қўйган эдик. Бу йилгиси нима билан фарқланади?

Бу йил иккита ўзгариш бўлди: биринчиси, бу – давлат ялпи қарзига чекловлар қўйиляпти. Яъни давлатнинг ички мажбуриятларини ҳам чеклаяпмиз.

Демак, ташқи ва ичкини ҳисоблаганда, умумий чегара қўйилган.

– Ҳа, биз мана шу 60 фоизга етмасликни назарда тутган ҳолда, йиллик лимитларни белгилаб борамиз. Чунки шу пайтгача бундай кўрсаткич йўқ эди. Энди биз юқори чегарани қўйиш орқали ўзимизга ўзимиз чеклов беряпмиз.

60 фоизнинг белгиланиши тўғрисида батафсил айтиб ўтсак. 60 фоиз нимага нисбатан олинган ва нима учун айнан 60 фоиз?

60 фоиз ЯИМга нисбатан олинган ва бу бюджетда фақат 2021 йилга деган жойи бор. Бу нотўғри тушунчага етакламаслиги керак. Ушбу бюджет қонуни фақат 2021 йил учун амалда бўлади. Бу юридик техника ҳисобланади. Шунинг учун давлат қарзи жорий йилда 60 фоиздан ошиб кетмаслиги керак, деган маънода қонун лойиҳасига банд киритилган.

Энди ҳисоб-китобларга қайтадиган бўлсак, биринчи навбатда ҳар бир давлатнинг қарзга хизмат кўрсатиш салоҳияти бор. Бу халқаро меъёрлар асосида ҳисобланади. Яъни Халқаро валюта жамғармасининг ўз тавсиялари бор. Унинг тавсияларига биноан эконометрик моделлаштириш асосида ҳисобланганда, агар давлат ташқи қарзи 70 ёки 80 фоиздан ошиб кетса, давлат учун унинг юки оғир бўлади. Яъни бу вазият иқтисодий ривожланишга эмас, иқтисодий секинлашувга олиб келиши мумкин.

Бевосита ҳар бир давлат учун ҳисоблаш методикаси бор. Унда, аввало, давлатнинг қарзга хизмат кўрсатиш салоҳияти ҳисобланади. Бунда жуда катта, кўп сонли кўрсаткичлар бор. Яъни Жаҳон банкининг давлатнинг институционал салоҳияти ҳисобга олинади. Масалан, Ўзбекистоннинг институционал салоҳияти юқори ҳисобланади. Унга қўшимча равишда Халқаро валюта жамғармасининг методикасига кўра, жаҳон иқтисодиётининг ривожланиши, қанча резерв мавжудлиги ва иқтисодий ўсиш қанча экани каби кўрсаткичлар билан бирга ҳисоблаганда давлатнинг ўз индекси ҳисобланади. Ўзбекистон учун охирги индексда 3,1дан 3,2га ўсиш кузатилди. Агар икки марта мана шундай ўсиш кузатилса, категорияни ўзгартиришга имконият беради. Ўзбекистоннинг қарзга хизмат кўрсатиш салоҳияти юқори, кучли ҳисобланади. Бунинг эквиваленти – давлат қарзи қийматда 75 фоизгача кўтарилиши мумкин.

Демак, бу бизга ЯИМга нисбатан 75 фоизгача қарз жалб этиш имкониятини беради.

– Халқаро методика бўйича [қарз жалб этиш] имкониятини беради, деб ҳисоблашади. Лекин ташқи ва ички шоклар бор. Масалан, бу йил ҳам ташқи, ҳам ички шок бўлди. Кутилмаган, ҳеч ким прогноз қила олмайдиган, прогноз қилиб бўлмайдиган шоклар. Мана шу шоклар натижасида қарзга хизмат кўрсатиш салоҳияти қанчалик ўзгариши ёки ошиб кетишини тахмин қилиш мумкин. Масалан, бу йил ЯИМнинг йил бошига қараганда нисбатан ижобий ўсиши кўринса ҳам, режаларимизга нисбатан паст бўлди.

Қанчалик паст бўлди?

– Йил бошида 5 фоиздан юқорироқ ўсиш кутилган бўлса, ҳозирги кунда 1-1,5 фоиз атрофида. Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармасининг кўрсаткичларига қараганда, йил бошида ҳам, охирида ҳам турлича кутилмалар бор. Лекин тахминан 1-1,5 фоиз атрофида кутилмоқда. Бу нима дегани? Мамлакатни абсолют қийматда қарзга хизмат кўрсатиш салоҳияти, имконияти чекланмоқда. Яъни кўпроқ эмас, камроқ қарз олишга тўғри келади. Лекин Ўзбекистонга пруденциал, яъни эҳтиёткорона ёндашув хос. Консервативлар кўп. Бу халқимизга хос, мос хислат – қарзни ёмон кўриш. Молия вазирлигида ҳам халқимизнинг вакиллари ишлайди. Бизда ҳам қарзга нисбатан салбий ёндашув бор.

Демак, етти ўлчаб, бир кесиш керак.

– Худди шундай. Ўзингиз биласиз, оилада тадбир қилинмоқчи бўлса, бирор қарор қабул қилишда кўп ўйланади. Қарз олишга мойиллик кам. Фақатгина мажбур бўлса ёки ўшанга кўзи етсагина, қарз олинади. Худди шундай тамойил бизда ҳам бор. Яъни Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси номидан давлат қарзига хизмат кўрсатади. Бунда доим ўзининг эҳтиёткорона ёндашувини амалга оширади. Бу нима дегани?

Бу дегани Молия вазирлиги ҳар қандай фискал рискларни инобатга олишга ҳаракат қилади. Бояги 75 фоизлик ҳисоб-китобга қайтадиган бўлсак, ташқи ва ички шокларни ҳисобга олганда, шу билан бирга давлат қарзининг тахминан 70 фоизи давлат корхоналари томонидан хизмат кўрсатилиши, яъни инвестицион лойиҳалар орқали амалга оширилиши, ташқи шоклар ҳамда Халқаро валюта жамғармаси тавсияларини инобатга олиб, бизда ҳозир 60 фоиз.

Шоклар бўлган тақдирда ҳам 60 фоизга етган тақдирида ҳам, шок бўлса ҳам, 75 фоиздан ошиб кетмайди. Мана шу ёндашув амалга оширилмоқда.

Лекин бу Ўзбекистон келаси йили қарз миқдорини 60 фоизга олиб чиқади, деган янглиш фикрдан биз йироқ бўлишимиз кераклигини англатади. Шундайми?

– Худди шундай. Бизнинг ўз прогнозларимиз бор. Лекин прогнозларни ошкора айтишдан олдин, шуни айтишим керак: прогнозлар кўп нарсага боғлиқ. Биринчидан, ЯИМ қанчалик ўсади? Иккинчидан, валюта курси қандай ўзгаради? Учинчидан, инвестицион лойиҳалар қандай амалга оширилади? Агар пандемия шароити давом этса, ўсиш секинлашади. Ўзлаштириш секинлашади. Бу дегани эса қарз секинроқ ўсади. Ёки давлат бюджети дефицитига талаб этиладиган қарз қанча бўлади? Прогноз кўрсаткичлар ҳаммаси эълон қилинган, бюджет тўғрисидаги қонунда 5,5 миллиард доллар эквивалентидаги лимит кўрсатилган. Келаси йилнинг ўзида 60 фоизга чиқмайди. Анча паст бўлади. Лекин 60 фоизга етмаслиги шарт-шароитларини кўрган ҳолда ҳаракат қилишимиз учун ўзимизга чеклов қўйяпмиз.

Бугунги кундаги рақамлар ҳақида гаплашсак. Ҳозирги кунда давлат қарзи умуман ички ва ташқиси билан бирга ҳисобланганда, ЯИМга нисбатан неча фоизга етган?

– Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, учинчи чорак натижалари ҳали эълон қилинади, курслар ўрнатилганидан кейин қайта текширилади. Ички ва ташқи қарзи 36 фоиз атрофида. Шундан 32 фоизи ташқи қарз, 4 фоизи эса ички қарз.

Бу кўпчиликка номаълум бўлиши мумкин. Ўзбекистонда қандай қилиб ички қарз пайдо бўлиши мумкин? Ахир ўзидан ўзи қандай қилиб қарз олади, деган савол ҳам пайдо бўлади. Шунга ҳам изоҳ бериб ўтсангиз. Молия вазирлиги қандай қилиб ички қарзни жалб этади?

– Аввало, давлат ички қимматли қоғозлари чиқарилади. Айтишимиз керакки, давлатнинг ташқи қарзи кўпайганидан ички қарзи кўпайгани яхшироқ. Нима учун? Бунда валюта рисклари камаяди. Ички қарз, асосан, сўмда жалб қилинади. Унда валюта тебранишлари оқибатида қўшимча хатарлар бўлмайди. Биз ҳозирда ўзимизга шундай мўлжал белгилаб олганмиз: босқичма-босқич давлат бюджети дефицитининг энг камида 20 фоизи ички қарз ҳисобидан қопланиши керак. Бу жуда катта марра. Ўша маррага эришишга ҳаракат қиляпмиз.

Давлат ички қарзининг иккинчи кўриниши бу – давлат кафолатлари. Масалан, йирик корхона, банк томонидан давлат молия дастурлари молиялаштирилаётганда унга давлат ички кафолати берилади. Ҳозирги кунда давлат ички кафолатлари миқдори дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2 миллиард доллар эквивалентидан камроқ.

Яна бир қувонарли нарса, биз ҳозирги кунда АҚШ ғазначилиги, Осиё тараққиёт банки ва қисман Европа тараққиёт ва тикланиш банки билан биргаликда ишлаяпмиз ва давлат қимматли қоғозлар бозорини ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Статистик маълумотларни келтиришим мумкин: 2018 йилда бор-йўғи 600 миллиард сўм эквивалентида давлат қимматли қоғозлари чиқарилган бўлса, 2019 йилда 1,5 триллион сўмга етди. Бу йил ҳозир 5 триллион сўмгача чиқара олдик. Биз бунда бозорни ўрганяпмиз. Банклар ва бошқа давлат қимматли қоғозларини сотиб олувчи мижозларнинг нимага қизиқиши, қандай муддатларга чиқарилиши қизиқ уларга, ликвидлигини оширишга ҳаракат қиляпмиз, аукционларни доимий эълон қилиб боряпмиз, стандартлаштиряпмиз. Умуман олганда, мана шу соҳани ривожлантиришимизнинг ўзи ташқи қарзни камайтириш ва бевосита ўзимизнинг валюта хатарларимизни пасайтириш имкониятини беради.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Отахон Юсупов.

Top