17:39 / 10.11.2020
6554

Ўзбекистон Қирғизистон халқининг барқарор ривожланиш йўлидаги интилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди – Шавкат Мирзиёев

10 ноябрь куни Россия раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси видеоанжуман шаклида ўтказилди. Ушбу учрашув кун тартибидан янги глобал хатар ва таҳдидларнинг кучайиши шароитида ШҲТ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Ушбу йиғилишда сўз олган президент Шавкат Мирзиёев учрашувни ташкил этгани учун Россия Федерацияси президенти Владимир Путинга самимий миннатдорчилик йўллаган, Россиянинг ШҲТдаги раислиги пандемия келтириб чиқарган барча қийинчиликларга қарамай ғоят самарали бўлганини алоҳида таъкидлаган.

Шунингдек, Ўзбекистон Қирғизистоннинг барқарор ривожланиш йўлидаги интилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши маълум қилинди.

«Ҳурматли Садир Нурхожоевич Жапаровни саммитимизда кўриб турганимдан мамнунман.

Ўзбекистон энг яқин қўшни ва стратегик шерик сифатида қардош Қирғизистон халқининг тинч тараққиёт ва фаровонлик сари интилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди», деган президент.

  • Қирғизистонда октябрь ойи бошида ўтказилган парламент сайловларидан кейин бошланган намойишлар мамлакатда ҳукумат алмашинувига олиб келди. 15 октябрь куни Сўронбай Жээнбеков Қирғизистон президентлиги лавозимидан истеъфо берди. 16 октябрь куни парламент мажлисида Қонунчилик кенгаши спикери Канат Исаев давлат раҳбарининг вазифаларини вақтинча бажаришни рад этгач, бош вазир Садир Жапаров президент вазифасини бажарувчига айланди.
  • 2021 йилнинг 10 январь куни Қирғизистонда муддатидан олдинги президентлик сайловлари бўлиб ўтади.
Top