Жаҳон | 18:53 / 01.02.2024
8155
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон президенти Садир Жапаров иккинчи муддатга номзодини қўяди

Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, Қирғизистонда бир шахс икки марта президентлик лавозимини эгаллаши мумкин. 

Қирғизистоннинг амалдаги президенти Садир Жапаров навбатдаги президентлик сайловида ўз номзодини қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда АКИпресс ахборот агентлигига давлат раҳбари матбуот котиби Аскат Алагозов маълум қилди. 

«Ҳа, президент Садир Жапаров иккинчи муддатга сайловда иштирок этади. Бу иш бошланган ва стратегик аҳамиятга эга узоқ муддатли халқаро лойиҳалар режалаштирилаётганини ҳисобга олсак, бу изчил қадам бўлади», деди Алагозов. 

Аввалроқ, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Эдил Байсалов ҳам амалдаги президентнинг иккинчи муддатга сайланиш режалари ҳақида маълум қилганди. 

Жапаров 2021 йил январида Қирғизистонда бўлиб ўтган президентлик сайловида ғалаба қозонган ва икки ярим ҳафтадан сўнг расман ўз лавозимига киришган. Унинг ваколат муддати уч йилдан кейин тугайди. 

Қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга кўра, мамлакатнинг навбатдаги президенти олти йиллик эмас, балки беш йиллик муддатга сайланади. Бундан ташқари, энди бир шахс икки марта президентлик лавозимини эгаллаши мумкин. 

Қирғизистонда навбатдаги президентлик сайлови 2026 йилда ўтказилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид