16:04 / 10.11.2020
11440

Хорижда ишлаётган фуқароларнинг иш стажини тасдиқловчи ҳужжатлар нималардан иборат? – Мутахассис изоҳ берди

9 ноябрь куни меҳнат мигранти ўзини ўзи банд қилган шахсга тенглаштирилгани билан боғлиқ масалаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими бошлиғи Аброр Холматов 20 йилдан буён Россиядаги давлат корхонасида электр устаси бўлиб ишлайдиган ўзбекистонликнинг меҳнат дафтарчасидаги 20 йиллик меҳнат стажи пенсияга чиқиш учун қанчалик ёрдам бериши тўғрисидаги саволига жавоб берди.

«Вазирлар Маҳкамасининг 46-сонли қарори билан шу нарса белгиланган: фуқаро Ўзбекистон Республикасини кесиб ўтганидан кейин (албатта республика чегарасини кесиб ўтиш йўли билан ўтиш керак) паспортидаги кирди-чиқди штамплари бу чегарадан кириб чиққанлиги ҳақидаги асосий ҳужжат ҳисобланади.

Қарорда иш стажини тасдиқловчи ҳужжатлар айтиб ўтилган. Тасдиқловчи ҳужжатлар, бу биринчи навбатда – меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар. Агар меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар бўлмаса, чет элда ишлаганлиги тўғрисида иш берувчисидан маълумотнома, бу иккинчиси. Агар буниси ҳам бўлмаса, чет элдаги Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхонасидаги маълумотномаси ҳам иш стажини ҳисоблаш учун асос саналади.

20 йилдан бери Россияда ишлаб келган фуқаро Ўзбекистонга кириб келганидан сўнг 36 ой мобайнида Россияда ишлагани тўғрисида меҳнат дафтарчаси билан келиб, Пенсия жамғармасига ариза билан мурожаат қилади. Пенсия жамғармаси меҳнат дафтарчасидаги чет элда ишлаган даврининг ҳисоб-китобини чиқариб беради ва тўлов миқдорларини белгилаб беради.

Шундан кейин ушбу фуқаро 36 ой мобайнида тўловларни амалга ошириши мумкин. Фақатгина тўловларни амалга оширгандан сўнг бу фуқаронинг 20 йиллик иш стажи ҳисобга олинади. Шу нарсани унутмаслигимиз керак. Россия ёки бошқа давлатда ишлаган даврдаги меҳнат дафтарчасидаги 1991 йилдан кейинги ёзувлар Пенсия жамғармасига тўланган бадаллари ҳисобидан иш стажи ҳисобланади. Агар бадаллар ўз вақтида тўланган бўлса, фуқаронинг 20 йиллик иш стажи тўғридан тўғри иш стажига олинади. Фақат бадаллар тўланган бўлиши керак. Такрорлаб айтаман, бадалларни ихтиёрий равишда тўлаш керак бўлади», дея Аброр Холматовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top