18:53 / 12.11.2020
29227

Самарқандда эри томонидан таҳқирланган аёл иши бўйича суд жараёнлари бошланди

Гарчи суд очиқ тартибда ўтиши белгиланган бўлса-да айбланувчи томон суддан ОАВ вакиллари иштирокини чеклашни сўради. Судья томонларнинг фикри, қонун талабларидан келиб чиқиб, ОАВ ходимлари ва блогерлар иштирокига рухсат берди.

Давлат айбловчиси, Самарқанд шаҳар прокурори ўринбосари Умид Ҳакимов Ш.К.га қўйилган айбловларни ўқиб эшиттирди.

Унга кўра, Ш.К. ўзининг турмуш ўртоғи Мустаҳкам Ваҳобовага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 103- (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш), 105- (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) ва 110- (қийнаш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Аммо Ш.К. фақат қасддан баданга оғир жароҳат етказганини тан олиши, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ҳақиқий эканини таъкидлаб, бошқа айбловларни тан олмаслигини билдирди. Шунингдек, айбланувчи, турмуш ўртоғи М.Ваҳобовадан хафа эмаслиги, ҳали ҳам бир-бирини тушуниб, кечириб, бирга яшаш тарафдори эканини таъкидлади.

М.Ваҳобова эса ўз кўрсатмаларида бунинг аксини билдирди:

«Мен муттасил ҳақорат ва хўрликларга 9 йил давомида чидадим. Ундан фақат бир мартаси камера тасвирига тушиб қолганди. Уни ҳам охири ўзим олиб тарқатдим. Чунки мен ҳам одамдай яшашим керак. Уйдаги тинимсиз ҳақорат, калтаклаш ва хўрлашлардан ташқари, ўз вақтида ота-онам уйида, онамнинг кўз ўнгида ҳам эрим бостириб кириб мени калтаклаган».

Судда, муттасил хўрликлар натижасида Ваҳобова ўз жонига қасд қилиш мақсадида кўп миқдорда дори ичгани ҳолати ҳам муҳокама этилди. Унинг турмуш ўртоғи бу ҳолатга алоқаси йўқлиги, чунки М.Ваҳобова бу вақтда ўз отасининг уйида бўлгани, уйда яқинлари уни яна оиласига қайтиб, бирга яшашга ундагани учун ичган бўлиши ёхуд рашк оқибатида шу ишга қўл урган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

М.Ваҳобова турмуш ўртоғи уни фарзандининг кўз ўнгида таҳқирлаши, хусусан, ахлат тўла тагликни ҳам фарзанди кўз ўнгида едиргани, бу каби хўрликлар кам эмаслигини айтиб, суддан турмуш ўртоғига қонунда кўрсатилган жазо берилишини сўради.

Суд 2020 йил 18 ноябрь кунига қадар танаффус эълон қилди.

Top