14:10 / 13.11.2020
6700

Ипотека-банк: банкнинг халқаро облигациялари йирик хорижий инвесторларга сотилди

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида тижорат банклари фаолиятини трансформация қилиш, уларни халқаро стандартларга мувофиқ фаолият юритадиган молиявий институтларга айлантириш, соҳага хорижий инвестицияларни кенгроқ жалб қилиш ҳамда рақобат муҳитини кучайтириш юзасидан зарур шарт-шароитлар яратилмоқда.

Айниқса бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сонли ва 12 майдаги ПФ-5992-сонли фармонлари ҳамда 2019 йил 9 октябрдаги ПҚ-4487-сонли қарори билан банкларни халқаро капитал бозори иштирокчисига айланиши учун зарур ҳуқуқий ва ташкилий асослари белгилаб берилди.

Юқоридаги фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида Ипотека-банк томонидан жорий йилнинг 12 ноябр куни 300 млн АҚШ доллари миқдорида 5 йиллик халқаро облигациялар чиқарилди ва бу орқали банк халқаро капитал бозорининг иштирокчисига айланди.

Халқаро облигацияларнинг дебют эмиссияси J.P. Morgan (АҚШ), Raiffeisen Bank International AG (Австрия), MUFG (Япония) ва Societe Generale (Франция) каби халқаро миқёсда тан олинган андеррайтинг банклари тавсиялари асосида амалга оширилди.

Жорий йилнинг 10-11 ноябр кунлари бўлиб ўтган роуд-шоу тадбири доирасида АҚШ, Европа, Россия Федерацияси ҳамда Осиё мамлакатларида фаолият олиб бораётган 70 дан ортиқ етук халқаро инвесторлар иштирокида глобал аудиоконференция (Global Investor Call) ўтказилди.

Ушбу тадбир доирасида Молия вазирлиги ва Ипотека-банк вакиллари хорижий инвесторларга жорий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлари, шу жумладан ҳукуматимизнинг йирик тижорат банкларини капиталлаштириш стратегияси, уларни хусусийлаштириш режалари, шунингдек, соҳанинг ривожланиш истиқболлари муҳокамалар марказида бўлди. Айни вақтда, Ипотека-банк томонидан еврооблигацияларнинг чиқарилиши нафақат банк, балки бутун мамлакат иқтисодиёти учун муҳим воқеа эканлиги таъкидлаб ўтилди. Бу бўйича, 20 нафарга яқин йирик халқаро инвесторлар билан яккама-якка учрашувлар ташкил этилди ва музокаралар ўтказилди.

Йирик инвесторлар сўнгги йилларда банкни трансформация қилиш ҳамда хусусийлаштириш бўйича Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишларга алоҳида қизиқиш билдирдилар.

2020 йил 12 ноябрда инвесторларнинг таклифлари асосида молиявий консултантларнинг тавсияларига кўра, Ипотека-банкнинг халқаро облигацияларининг бошланғич фоиз ставкаси 5,625% этиб белгиланди ва Лондон вақти билан соат 09:00 да буюртмалар китоби очиқ деб эълон қилинди.

Буюртмалар ҳажми 1 соат ичида 300 млн долларни ташкил этиб, режа қилинган эмиссия ҳажми тўлиқ қопланди. Савдо жараёнида буюртмалар ҳажми 500 млн АҚШ долларидан ошиб, эмитент учун бошланғич фоиз ставкасини тушириш имкониятини берди.

Лондон вақти билан 15:00 да якуний фоиз ставкаси ва купон қарийб 0,125% бирликка туширилиб, 5,50% этиб белгиланди. Халқаро облигациялар Буюк Британия (27%), Швейцария (22%), Германия (18%), АҚШ (11%) ва бошқа бир қатор Европа ва Осиё (22%) давлатларининг инвесторлари орасида тақсимланди.

Ипотека-банк томонидан халқаро облигацияларнинг муваффақиятли жойлаштирилиши мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан молиявий сектор ва банк тизимини изчил ислоҳ қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар халқаро инвесторлар томонидан ижобий баҳоланаётганлигидан далолатдир.

Ушбу халқаро облигацияларни жойлаштиришдан тушган маблағларнинг мамлакатимиз ривожида ўз ҳиссасини қўшадиган инвестицион лойиҳаларни молиялаштиришга, шунингдек тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадларига йўналтирилиши режалаштирилган.

«Ипотека-банк» АТИБ Матбуот хизмати

Top