18:01 / 17.11.2020
7398

Марказий банк тижорат банкларидаги хизмат сифати бўйича сўровнома ўтказди

Марказий банк Тошкент шаҳрида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш юзасидан банк хизматлари истеъмолчилари ўртасида сўровнома ўтказди.

Мазкур сўровнома тижорат банклари мижозлари билан юзма-юз савол-жавоблар шаклида ўтказилиб, унда 1092 респондент иштирок этди (450 нафар жисмоний шахс ва 642 нафар тадбиркорлик субъекти).

Тижорат банкларида банк хизматларини кўрсатиш сифатини баҳолаш юзасидан сўровнома 4та мезон (ишончлилик, кўникма, ҳозиржавоблик ҳамда мижозларни қўллаб-қувватлаш) асосида ўтказилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, истеъмолчилар томонидан 5та банкда (Ипак йўли банки, Азия Альянс банк, Инвест Финанс банк, Ориент Финанс банк, Капиталбанк) хизмат кўрсатиш сифати бошқа банкларга нисбатан «яхши», 8та банкда эса (Ўзсаноатқурилишбанк, Ўзмиллийбанк, Трастбанк, Ҳамкорбанк, Алоқабанк, Ипотека-банк, Туронбанк, Асака банк) кўрсатилаётган хизматлар «қониқарли» деб баҳоланди.

Шунингдек, респондентлар фикрига кўра, Пойтахтбанк, Микрокредитбанк, Қишлоқ қурилиш банк, Агробанк, Халқ банки ва Давр банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати мижозларнинг эҳтиёжларини «қониқтирмайди».

«Натижалар банк хизматлари истеъмолчиларининг сўровнома давомида билдирилган фикрларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилган ва Марказий банкнинг позицияси ҳисобланмайди», дея қайд этилган хабарда.

Марказий банк банклар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини баҳолаш бўйича тадбирларни банк хизматлари истеъмолчилари ўртасида даврий сўровномалар ўтказиш орқали давом эттириши ҳамда ўрганиш натижалари Марказий банкнинг коммуникация каналлари орқали кенг жамоатчиликка тақдим этилиши маълум қилинган.

Шунингдек, келгусида Марказий банк томонидан тижорат банкларида банк хизматларини кўрсатиш сифатини баҳолаш воситаларини кенгайтириш, шу жумладан, «сирли мижоз» механизмидан фойдаланиш ҳамда соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этиш режалаштирилган.

Top