12:22 / 19.11.2020
7406

Тергов департаменти Сергели туманида содир бўлган пичоқбозлик ҳолати бўйича маълумот берди

2020 йилнинг 16 ноябрь куни 28 ёшли Алишер М. Тошкент шаҳар Сергели тумани Сергели-2-даҳа, 36-уйнинг олдида 18 ёшли Ағзам Й. билан жанжаллашган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, Алишер М. ўзини ҳақорат қилганлиги сабабли келиб чиққан жанжал оқибатида олдида бўлган ошхона пичоғи билан Ағзам Й.га ҳамда уларни ажратиб, безорилик ҳаракатларининг олдини олмоқчи бўлган 24 ёшли Шаҳноза М.нинг танасини турли жойларига бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказган.

Оқибатда, Ағзам Й. ва Шаҳноза М. тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига мурожаат қилишган.

Кўздан кечириш жараёнида ҳодиса жойидан ошхона пичоғи ашёвий далил тариқасида тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
 
Мазкур ҳолат юзасидан Сергели тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Алишер М.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида Алишер М. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган ва ҳимоячи иштирокида сўроқ қилинган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.

Top