12:34 / 25.11.2020
9268

Ўзбекистонда электр энергиясидан қарздорлик миқдори 3,5 триллион сўмни ташкил қилмоқда

Ҳудудлар бўйича энг юқори қарздорлик Самарқанд, Навоий ва Андижон вилоятларига тўғри келмоқда. «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти истеъмолчилардан қарзларини ўз вақтида тўлашларини илтимос қилди.

24 ноябр куни «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида ОАВ ходимлари иштирокида электр энергиясини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ)ни жорий этиш ишларига оид матбуот анжумани ҳамда пресс-тур бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда истеъмолчиларнинг электр энергияси учун қарздорликлар бўйича маълумотлар тақдим этилди.

“Маълумотларга кўра, фойдаланган электр энергияси учун 1 йилдан ортиқ давр мобайнида тўловларни амалга оширмаган истеъмолчилар сони 903 305 нафарни ташкил этиб, шундан қарздорлиги мавжудлари 573 655 нафарни, 3 йилдан ортиқ давр мобайнида тўлов амалга оширмаган истеъмолчилар сони 361 185 нафарни, шундан қарздорлари 283 489 нафарни ташкил этмоқда. 3 йилдан буён умуман тўловларни амалга оширмаган қарздор истеъмолчилар, Самарқанд вилоятида 46 158 нафарни, Тошкент вилоятида 45 685 нафарни, Фарғона вилоятида 28 770 нафарни ва Андижон вилоятида 26 867 нафарни ташкил этмоқда.

Шу билан бирга, истеъмолчиларнинг қарздорликлари бўйича ўтказилган таҳлилларга кўра, бугунги кун ҳолатига қарздорлиги юқори бўлган яъни 1 млн сўмдан 3 млн сўмгача бўлган қарздор аҳоли истеъмолчилар сони 157 839 нафарни, 3 млн сўмдан 5 млн сўмгача 14 890 нафарни ва 10 млн сўмдан юқориси 5 199 нафарни ташкил этмоқда” – дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов.

Тезкор маълумотларга кўра, Ўзбекистон электр энергиясидан умумий қарздорлик 3,5 триллион сўмни ташкил қилмоқда, ундан аҳолининг қарздорлиги эса 2,4 триллион сўмдан зиёдни ташкил этмоқда.

Ўзбекистон бўйича энг юқори қарздорлик Самарқанд, Навоий ва Андижон вилоятларига тўғри келади. Самарқанд вилоятнинг электр энергиясидан 646 миллиард сўм қарздорлиги мавжуд бўлиб, шундан 553 миллиард сўми аҳоли қарздорлиги ҳисобланади. Навоий вилоятининг қарздорлиги 410 миллиард сўмни ташкил қилади. Андижон вилоятининг қарздорлиги эса 273 миллиард (247 миллиард сўми аҳолига тегишли) сўмдан иборат.

“Қарздорликларнинг юқори миқдорларда сақланиб қолиши истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун амалга ошириладиган янги инвестицион лойиҳалар амалга оширилишига, янги трансформатор пунктлари ва электр тармоқларини қуриш ва модернизация қилишга таъсир кўрсатади. Шу сабабли мен истеъмолчиларимиздан қарзларини ўз вақтида тўлашларини илтимос қиламан.

Бундан ташқари АСКУЭ тизими ҳозирда тўлиқ жорий этилмаганлиги сабабли, истеъмолчилар қарздорликларни бартараф этиши ва олдиндан тўловларни амалга ошириши билан 15 дақиқагача истеъмолчи тармоққа қайта уланади. Шу сабабли, ўрнатилган ҳисоблагичларга ташқаридан аралашувларни амалга оширмасликларини бундай ҳолат автоматик ёқиш тизимига салбий таъсир кўрсатишини айтиб ўтаман» – дея қўшимча қилди Жаҳонгир Обиджонов.

Аввалроқ «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари янги турдаги автоматик электр ҳисоблагичларнинг тўлов тизими билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги саволга жавоб берган эди.

Фаррух Абсаттаров, Kun.uz мухбири

Top