17:26 / 26.11.2020
7343

Банклар мижозларни ҳайдовчилик гувоҳномаси билан идентификация қилиши мумкин

Тижорат банклари мижозларни янги намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки штампсиз паспорт билан ҳам идентификация қилиши мумкин. Бу ҳақида Марказий банк 26 ноябр куни тижорат банкларига юборган хатда маълум қилинган.

«Бугунги кунда Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органлари тизимида давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада такомиллаштириш ва тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 19 июндаги 389-сонли қарорига асосан, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эгасининг шахсини тасдиқловчи расмий давлат ҳужжати мақоми берилган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 28 декабрдаги 1049-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» 2020 йил 22 майдаги 320-сон қарорига асосан, фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, жисмоний шахс – мижозни идентификациялар жараёнида мижоз томонидан янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси ёки фуқароларнинг доимий яшаш жойи бўйича штампи мавжуд бўлмаган паспорти тақдим этилганда, тижорат банклари ушбу жисмоний шахслар бўйича қўшимча идентификация маълумотларини Идоралараро интеграллашган платформа тизими орқали олишлари мумкинлигини маълум қиламиз», дейилади хатда.

Top