11:38 / 26.11.2020
7737

“Ўзкимёсаноат” “Деҳқонобод калий заводи” қурилишида қатнашган ишчилар маоши бўйича баёнот берди

Kun.uz сайтида “Деҳқонобод калий заводи қурилишида қатнашган юзлаб ишчилар етти йилдан бери маошини ололмаяпти. Аксинча, уларни “формалилар” қўрқитяпти” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ўз тизимидаги “Деҳқонобод калий заводи” АЖ фаолиятига дахлдор бу масала юзасидан эълон қилинган мақола бўйича “Ўзкимёсаноат” АЖ қуйидагиларни маълум қилди.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 17 ноябрдаги “Деҳқонобод калий ўғитлар заводи ишлаб чиқариш қувватини ошириш

(II босқич)” инвестицион лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1642-сонли қарори асосида “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” УК билан Россия Федерациясининг “ЗУМК-Инжиниринг” МЧЖ ўртасида шартнома имзоланган. Тузилган шартномада “ЗУМК-Инжиниринг” МЧЖ “Тоғ-кон мажмуа”си, “Осма юк ташиш канат йўли” ва ВЛ-110 кВа энергия таъминоти иншоотларини “калити билан топшириш” (“под ключ”) кўзда тутилган.

“ЗУМК-Инжиниринг” МЧЖ лойиҳани амалга ошириш жараёнида Россия ҳамда Ўзбекистондан мутахассис ва ишчиларни шартнома асосида ишга қабул қилган.

Ижтимоий тармоқда “Деҳқонобод калий заводи қурилишида қатнашган юзлаб ишчилар 7 йилдан буён маошини ололмаяпти” рукни билан эълон қилинган мақола бўйича таъкидлаш лозимки, маҳаллий фуқаролардан қарздорлик “Деҳқонобод калий заводи” АЖдан эмас, балки ўша вақтда пудратчи ташкилот бўлган Россиянинг “ЗУМК-Инжиниринг” компанияси ва фуқаролар ўртасида тузилган меҳнат шартномаси бўйича юзага келган.

Шу билан бирга, “Деҳқонобод калий заводи” қурилиши Дирекцияси пудратчи “ЗУМК-Инжиниринг” компаниясига бажарилган ишлар бўйича тўловларни тўлиқ амалга ошириб борган. Лекин “ЗУМК-Инжиниринг” компанияси бу тўловлардан ёлланган ишчиларнинг ойлик маошларини тўлиқ тўлаб бермаган.

Бундан ташқари, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ “Ўзкимёсаноат” АЖ билан биргаликда “ЗУМК-Инжиниринг” компаниясининг собиқ ишчиларининг тўланмасдан қолган ойлик маошларини ўз эгаларига қайтариш бўйича 2014 йилдан буён мунтазам равишда барча юридик ва ташкилий чораларни кўриб келмоқда. Бунинг учун “Деҳқонобод калий заводи” АЖ ўз маблағлари ҳисобидан халқаро даражага эга бўлган “White & Case” (АҚШ) юридик компаниясини жалб қилди.

Айни пайтда “White & Case” компанияси билан биргаликда Россия Федерациясининг турли миқёсидаги судларида жами 205 нафар – суднинг ундирув қарорлари мавжуд бўлган Ўзбекистон фуқароларининг “ЗУМК-Инжиниринг” компаниясидан иш ҳақини ундириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Иш ҳақи ундириш масаласи бўйича бир нечта суд жараёнлари ўтказилиб, суд ишлари ҳали ҳам давом эттирилмоқда.

2018 йил 25 июн куни Россия Федерациясининг Пермь вилояти Арбитраж судининг ажримига кўра, “ЗУМК-Инжиниринг” компанияси банкрот бўлганлиги муносабати билан ҳозирги пайтда конкурс бошқарув асосида тугатиш ишлари олиб борилаётган бўлиб, компанияга тегишли мол-мулклар ўрнатилган тартибда баҳоланиб, сотувга қўйилиши лозим ва сотувдан тушган маблағлар “ЗУМК-Инжиниринг”нинг мавжуд барча қарздорликларини кетма-кетлик сўндиришга йўналтириши белгиланган.

Ишчи ходимларнинг қарздорлигини ундириш йўналиши бўйича амалга оширилган ишлар натижасида 2018 йилнинг июн ойида “ЗУМК-Инжиниринг” компаниясидан 561 319 335 сўм ундирилиб, шу сумманинг 380 367 052 сўм солиқ қарздорлиги учун Деҳқонобод туман ДСИ фойдасига ва 173 276 680 сўми эса ишчи ходимларнинг ҳар бирига тенг тақсимланган ҳолда иш ҳақи ва моддий зарарларнинг 10 фоизи миқдорида тўлаб берилган.

Шу кунга қадар, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ томонидан “White & Case” халқаро юридик компанияси билан биргаликда ишчи ходимларнинг иш ҳақини ундириш йўналиши бўйича 14 та суд жараёнларида иштирок этилиб, ишчи ходимларнинг манфаатлари ҳимоя қилинди.

Россия Федерациясидаги суд жараёнлари ниҳоясига етиши натижасида ва “ЗУМК-Инжиниринг” компаниясига тегишли мол-мулкларининг сотувидан тушган маблағлар кредиторлар реестри асосида қарздорликлар сўндирилиши белгиланган ва ўрнатилган тартибда кредиторларнинг реестр ва жорий талаблари асосида амалга оширилиши кўзда тутилган.

Айни кунларда кўрсатиб ўтилган 3 та фуқаронинг жорий талаблари жами 90 717.92 рубль ёки 12400232.48 сўм миқдорида қўшимча фоизлари билан тўлиқ ундирилиши таъминланди.

Россия Федерацияси қонунчилигида белгиланганлиги бўйича, биринчи навбатда жорий талаблар ва кейин реестр талаблари тўлаб берилиши кўзда тутилган. Бизнинг фуқароларимизнинг 3 таси жорий талаблар сифатида, қолган 202 таси реестр талаблари сифатида рўйхатга олинган.

Бугунги кунда конкурс бошқарувчиси “ЗУМК-Инжиниринг” компаниясининг мол-мулкларини сотишни давом эттирмоқда ва сотувдан тушган маблағларни кредитор қарздорларга қўшимча фоизлари билан тасдиқланган навбат асосида тўланишини амалга оширмоқда.

Шу билан бирга олдин “ЗУМК-Инжиниринг” МЧЖда ишлаган ишчи ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида улардан 55 нафари “Деҳқонобод калий заводи” АЖга ишга олинган”, – дейилади “Ўзкимёсаноат” АЖ Матбуот хизмати тақдим этган жамият муносабатида.

Top