20:06 / 27.11.2020
7815

Миграция агентлиги ХБАлар билан шартнома тузган фуқароларга мурожаат билан чиқди

Хусусий бандлик агентликлари шартномавий мажбуриятларини бажармаётган бўлса ёки мижоздан пул талаб қилаётган бўлса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилиш сўралди.

«Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритилди. Шу сабабли бир қатор ХБАлар лицензияловчи органга лицензиясини бекор қилиш учун ариза билан мурожаат қилган.

Шу муносабат билан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Камола Шукурова ХБАлар мижозларига мурожаат қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Aгар хусусий бандлик агентликлари шартномавий мажбуриятларини бажармаётган бўлса ёки сиздан пул талаб қилаётган бўлса, илтимос, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилинг.

Чунки лицензияси тугатилганидан сўнг хусусий бандлик агентликларида пули қолиб кетган фуқароларга ёрдам бериш имкониятимиз анча камайиб қолади. Aгар ҳозирги ҳолатда зудлик билан бизга мурожаат қиладиган бўлсангиз, сизларга захираланган суммалардан белгиланган тартибда суд орқали маблағларингизни қайтариш имкониятимиз мавжуд», – деди Шукурова 27 ноябрдаги матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар учун улардан ҳақ ундириш тақиқланмоқда. Бу хизмат учун ҳақни ХБАларга иш берувчилар тўлаши лозим бўлади.

Мазкур янгилик шу йил августда янги таҳрирда қабул қилинган «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонунга киритилган. Ўзгаришлар 21 январдан кучга киради.

Қонунга кўра, ХБАлар ишга жойлаштириш соҳасида тақдим этадиган ахборот ва маслаҳат хизматларининг қиймати БҲМнинг бир баравари (223 минг сўм)дан ошмаслиги керак.

Эндиликда, ХБАлар фуқароларни хорижга ишга юбориш бўйича лицензия олиш учун БҲМнинг 8,5 минг бараварига тенг захира маблағини шакллантириши лозим. Яъни бу миқдор 50 минг доллардан 185 минг долларгача оширилмоқда.

Top