18:37 / 30.11.2020
6096

ИҲТ ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 47-сессиясида Арманистоннинг Озарбойжонга қарши ҳаракатларига оид қарорлар қабул қилинди

Жорий йил 27-28 ноябр кунларида Африка қитъасидаги Нигер давлати пойтахти Ниамей шаҳрида «Тинчлик ва тараққиёт йўлида терроризмга қарши курашда аҳдлашув» мавзусида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибияти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 47-сессияси бўлиб ўтди.

Фото: Google

Сессияда ислом дунёсининг долзарб мавзулари, жумладан, исломофобияга қарши курашиш ва динлар шаънига билдирилаётган салбий фикрларга барҳам бериш бўйича ҳамкорлик қилиш ҳамда ташкилотга аъзо бўлмаган давлатлардаги мусулмон жамиятлари аҳволи ҳақидаги масалалар муҳокама қилинган.

Шунингдек, Халқаро Суд маҳкамасида роҳинжалар тўғрисидаги масалани ўрганиш, маданият ва динлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ва «ИҲТ 2025» иш дастурида эришилган ютуқларга оид мавзулар кўриб чиқилган..

Бундан ташқари, сессия ишида Озарбойжон ташқи ишлар вазирининг ҳисоботи тингланган ва «Aрманистоннинг Озарбойжонга қарши тажовузи» резолюцияси қабул қилинган. Резолюцияда ИҲТ Aрманистон ҳарбийлари томонидан 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябргача бўлган муддатда Озарбойжоннинг Ганжа, Барда, Тертер шаҳарларида кўплаб тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган ракета ва артиллерия зарбалари берилишини қоралаган.

ИҲТга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари Озарбойжон ва Россия президентлари ҳамда Aрманистон бош вазирининг Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги уч томонлама келишувини қутлаган.

Шунингдек, «Озарбойжон Республикасига иқтисодий ёрдам» резолюциясини қабул қилган. Унда Ислом тараққиёт банки ва бошқа ислом молия институтлари Озарбойжоннинг озод қилинган ҳудудларини тиклаш учун кўмак беришга, халқаро институтлар эса Озарбойжоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини қўллаб-қувватлашга чақирилган.

Сессия сўнгида, унинг иштирокчилари Aрманистон томонидан босиб олинган Озарбойжон ҳудудларида исломга оид тарихий ва маданий обидаларни, осори-атиқаларни вайрон этиш, талон-торож қилиш, рамзларни камситиш ишларини жиддий қораловчи резолюция қабул қилган.

ИҲТга аъзо мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари етказилган зарар учун Озарбойжон Aрманистондан товон пули талаб қилишга ҳақли эканини билдирган.

Top