10:12 / 01.12.2020
5257

Тошкент халқаро аэропортида йўловчиларнинг ўзини ўзи рўйхатдан ўтказиш тизими жорий қилинмоқда

Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда босқичма-босқич йўловчиларнинг мустақил ўзини рўйхатдан ўтказиш Self Check-In замонавий тизими жорий қилинмоқда. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Тизим ҳаво транспорти коммуникациялари ва ахборот технологиялари соҳасида етакчи - SITA компанияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, шу кунларда Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида 4та шундай киоск ўрнатилди.  
 
Ўзини ўзи рўйхатдан ўтказиш Self Check-In хизмати орқали йўловчиларнинг рўйхатдан тез ва осон ўтишлари таъминланади. Самолётнинг исталган ўриндиғидан жойни банд этиш ва бир вақтнинг ўзида жойлашиш ҳақидаги талонни ҳам олиш мумкин. Саёҳатга отланганлар юкларини киоскдан мустақил рўйхатдан ўтказиб, парвоздан аввал уларни тегишли хизматларга топшириш имкониятлари мавжуд.  
 
«Uzbekistan Airports» Тошкент халқаро аэропортига мунтазам парвозларини амалга ошираётган барча авиакомпанияларга Self Check-In киоскаларига уланиш, хизматдан самарали фойдаланиш таклифини киритган. Пандемия чекловлари туфайли ҳозир бу киоск хизматларидан фақатгина «Turkish Airlines» авиакомпанияси йўловчилари фойдаланмоқда.      
 
Қайд этилишича, «Uzbekistan Airports» АЖ ва Тошкент халқаро аэропорти SITA компанияси билан йўловчиларнинг юкларини ҳам автоматик рўйхатдан ўтказиш Self BagDrop тизимини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб боряпти. Режага кўра, бу амалиёт тизимли равишда Ўзбекистондаги 11та халқаро аэропортларнинг барчасида татбиқ этилади.

Top