22:47 / 07.12.2020
8595

Япон қурилмаси 340 миллион километр олисдаги астероиддан геологик намуналарни Ерга етказди  

Япониянинг 2014 йил декабрда Рюгу астероиди томон учирилган “Хаябуса-2” (Лочин-2) зонди астероиддан олинган тупроқ ва тош намуналари солинган капсулани Ерга етказди. Зонддан ташланган капсула Австралия жанубига тушган.

Фото: JAXA via AP

Қурилма Ердан 340 млн км олисда жойлашган астероиддан реголит намуналарини олиш учун 2019 йилда унинг сиртига 2 марта қўнган.  

Капсулани олиш учун у тушган ҳудудга Япониянинг қидирув гуруҳи жўнатилган. Капсула Япониянинг JAXA коинот агентлигига етказилади.

“Хаябуса-2” Рюгу астероиди томон 2014 йил 3 декабрда Япониянинг Танэгасима оролидаги космодромдан учирилган. Лойиҳа қиймати 260 млн долларни ташкил қилади. Зонд астероид яқинида 2018 йил июнидан 2019 йил ноябригача умумий ҳисобда 18 ой ҳаракатланган.

2019 йил 22 февралда зонд диаметри 900 метрга яқинни ташкил қилувчи астероид сиртига ундан тупроқ олиш учун биринчи муваффақиятли қўнишни амалга оширган. 

Фото: JAXA via AP
Фото: JAXA via AP

Шу йилнинг 5 апрелида зонд астероиддан ички тупроқ олиш учун унинг сиртига 500 метр баландликдан портловчи снаряд отган. Қурилма портлаш вақтида ҳосил бўлган геологик жинсларни йиғиш учун 11 июлда астероидга яна битта қўнишни амалга оширган. 

2019 йил 13 ноябрда зонд астероид орбитасидан чиқиб, Ер томон йўл олган. Қурилма капсулани Ерга ташлагач, сайёрамиз ва Марс орасидаги орбитада жойлашган 1998 KY26 астероиди томон йўналган. Режага кўра, зонд ушбу астероиддан намуна олиш учун 2031 йилда унинг сиртига қўнади.

Рюгу (япончадан “аждарҳо саройи” дегани) астероиди С синфдаги астероидларга мансуб бўлиб, уларда катта миқдорда углерод бор. Бундан ташқари, бундай само жисмлари сиртида сув зарраларини аниқлаш мумкин. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу коинотда ҳаёт тарқалишини билишда ёрдам бериши мумкин. 

Top