10:07 / 08.12.2020
16431

UZB серияли рақамга эга машина ҳайдовчиси жаримага тортилди. У қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган 

Жорий йилнинг 6 декабр куни ижтимоий тармоқларда UZB серияли рақамга эга автомашина қоидани бузгани акс этган видеолавҳа тарқалди. ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати ҳолат бўйича расмий маълумот тақдим этди.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Қайд этилишича, видеолавҳа ўрганилганда, жорий йилнинг 6 декабр куни соат 13:11ларда, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани, Хуршид кўчасида “Toyota Land Cruiser” русумли, 01 025 UZB давлат рақам белгили транспорт воситаси йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланганлиги атрофдаги фуқаролардан бирининг бошқарувидаги транспорт воситаси видеорегистраторида қайд этилган. 

Фуқаро қоидабузарлик видеосини “eJaerima” сайтига юборган. Сайтга келиб тушган видеолавҳа Тошкент шаҳар маъмурий амалиёт масъул ходими томонидан ўрганилган ва қоидабузар ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-5 моддаси 2-қисмига кўра БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима белгиланган.

“Барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга амал қилишни, ўзи ва ўзгалар саломатлигини хавф остига қўймасликни сўраймиз”, — дейилади маълумотда.

Top