15:22 / 10.12.2020
5894

Ўзбекистонда қисқа муддатли даврда иқтисодий ўсиш ўз потенциал даражасидан паст бўлиши кутилмоқда 

Жорий йил январ-октябр ойлари якунларига кўра, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг бир қатор асосий кўрсаткичлари яхшиланишда давом этди. Бу ҳақда Марказий банк шарҳида айтилган.

Фото: Pinterest

Таъкидланишича, октябр ойи якунлари бўйича йиллик саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши 1,6 фоизни ташкил этган бўлса (январ-сентябр ойларидаги пасайиш 2,7 фоиз), чакана савдо айланмасининг ижобий ўсиш кўрсаткичлари 1,2 фоиз даражасигача тикланди. Хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларида бажарилган ишлар ҳажми ўсиши мос равишда 2,2 фоиз ва 9,1 фоиз даражасида бўлди.

«Таҳлилларга кўра, қисқа муддатли даврда иқтисодий ўсиш ўз потенциал даражасидан паст бўлиши кутилмоқда. Бу талаб ҳамда таклифнинг босқичма-босқич тикланиб бориши, шунингдек, айрим иқтисодиёт тармоқларининг тўлиқ тикланиши учун узоқроқ муддат талаб этилиши билан изоҳланади», - дейилади МБ маълумотида.

Қайд этилишича, иқтисодий фаолликнинг оператив кўрсаткичлари босқичма-босқич тикланиш тенденциясини намоён этмоқда. Банк тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакцияларнинг умумий сони жорий йил октябр ойида ўтган ойга нисбатан 7,3 фоизга, ноябр ойида эса 1,1 фоизга ошди.

Савдо ва пуллик хизматлар соҳасида банк кассаларига пул тушумлари ҳажми ноябр ойида октябрдаги кўрсаткичдан 1,4 фоизга камайиб, 14,3 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирганда 11,8 фоизга ошди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йил якуни бўйича ЯИМнинг реал ўсиши 1 - 1,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Top