19:19 / 10.12.2020
9521

Хитойнинг Россия билан чегараси яқинидаги иккита шаҳрида "ҳарбий давр" режими жорий этилди

Бу шаҳарларда назорат кучайтирилиши муносабати билан барча давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва корхоналарининг вирусга қарши курашдаги масъулияти оширилди.

Бир нафар маҳаллий фуқарода коронавирус аниқлангани сабабли Хитойнинг Россия билан чегарадош Хэйлунцзян провинциясидаги Суйфэнхэ ва Дуннин шаҳарларида "ҳарбий давр" режими жорий этилди. Бу ҳақда эпидемиологик хавфга қарши курашиш бўйича минтақавий ишчи гуруҳ маълум қилди.

 Расмий маълумотларга кўра, Хитойнинг ушбу провинциясида бир неча ойдан буён маҳаллий аҳоли орасида касаллик юқтириш ҳолатлари кузатилмаган.

 Бу шаҳарларда назорат кучайтирилиши муносабати билан барча давлат идоралари, жамоат ташкилотлари ва корхоналарининг вирусга қарши курашдаги масъулияти оширилди. Улар касаллик тарқалиб кетмаслиги учун юқори даражадаги хавфсизлик чораларини кўришлари шарт.

Фуқаролар худди уруш давридаги каби ҳушёр бўлишлари талаб этилади. Улар кутилмаган ҳолатлар тўғрисида ҳокимиятга хабар бериши ва пандемияга қарши курашда кўнгилли тарзда иштирок этишлари лозим.

Статистик маълумотларга кўра, Хитойда беморларнинг 94,2 фоизи буткул соғайган. 2019 йил декабрдан буён касаллик юқтирганлар сони 86,6 мингдан ошган бўлиб, айни пайтда шифохоналарда 486 киши даволанмоқда.

Top