
Фото: ARK SCHIEFELBEIN / POOL / AFP
«Хитойнинг талаблари изчил, у доимо асосий манфаатларни ўзаро ҳурмат қилиш тарафдори. АҚШ Хитойнинг ички ишларига аралашмаслиги, Хитойнинг ривожланишини тиймаслиги даркор, улар шунингдек Пекиннинг ХХР суверенитети, хавфсизлиги ва тараққиёти манфаатларига оид „қизил чизиқлар“ни кесиб ўтмаслиги лозим», — деган Ван И.
Хитой ТИВ раҳбари Хитой ва АҚШ муносабатлари ҳали ҳам «салбий омиллар» синовига учраётганига қарамай, барқарорлаша бошлаганини қўшимча қилган.
«[АҚШ ва Хитой ўртасидаги] муносабатларда салбий омиллар кучайиб, ўсишда давом этмоқда, бу муносабатлар турли бузилишларга дучор бўлмоқда», — дея қайд этган Ван И.
«Хитойнинг ривожланишга бўлган қонуний ҳуқуқлари асоссиз равишда бостирилмоқда, бизнинг асосий манфаатларимиз қийинчиликларга дуч келмоқда», — деган у.
ХХР раҳбари айнан қандай қийинчиликлар ҳақида гапираётганига аниқлик киритмаган, аммо айни вақтда ушбу икки супердержава ўртасида айрим масалалар бўйича келишмовчиликлар мавжуд, жумладан уларнинг Жанубий Хитой денгизи бўйича позициялари фарқланиши, АҚШ Тайвандаги ҳукуматни қўллаши ҳамда Хитойдаги инсон ҳуқуқлари бузилиши атрофидаги масалалар.
Ўз навбатида, Блинкен ўз сўзларида анча эҳтиёткорлик қилган.

Унинг сўзларига кўра, Пекин ва Вашингтон «фаол дипломатия» орқали икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун масъул.
Шу билан бирга, у ўзи «дунёдаги энг муҳими» деб атаган муносабатларда нотўғри ҳисоб-китобларга йўл қўймаслик учун мамлакатлар ўртасидаги келишмовчиликлар ҳақида аниқ ва тўғридан тўғри гапиришини таъкидлаган.
Ушбу келишмовчиликларнинг айримлари шу ҳафта бошида, Вашингтон Тайванни ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллашни назарда тутувчи ёрдам пакетини маъқуллаганида яққол кўзга ташланганди. Бу Пекин томонидан кескин танқидга сабаб бўлган, хитойлик расмийлар Вашингтоннинг ҳаракатларини «„ягона Хитой сиёсати“ тамойилини жиддий бузиш» деб атаганди.
















