10:56 / 11.12.2020
16474

Самарқандда «Миллий банк» ходими 7,7 млрд сўм ва 607 минг долларни талон-торож қилган

Самарқанд вилоят прокуратураси маълумотига кўра, икки йилда 33 нафар банк мансабдор шахслари коррупция ва мансабдорлик жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.

Мисол учун, вилоят «Миллий банк» ходими банк омонатчиларининг ҳисоб рақамидан жами 90та ҳолатда 7,7 млрд сўм, 607 минг АҚШ доллари ва 1 461 евро миқдордаги омонат пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.

Шунингдек, «Агробанк» Челак филиали ходими кредит ажратишни сўраб банкка мурожаат қилмаган фуқаролар номига 30 млн сўм миқдорда микроқарз кредити ажратиб, пластик карточкасига тушириб, ўзлаштириб юборган.

Бундан ташқари, прокуратура ижтимоий лойиҳаларга ажратилган бюджет маблағлари ҳам ўзлаштириб юборилганини маълум қилди. 

Жумладан, «Ипотека банк» Кўксарой филиали «Жума» мини-банки мудири банкнинг бошқа мансабдор шахслари билан жиноий тил бириктириб, давлат дастури асосида балиқчилик ва аҳоли тадбиркорлиги учун ажратилган 6 млрд  995 млн сўмлик кредит маблағларини талон-торож қилган.

Вилоят прокуратурасига кўра, бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар назоратига масъул бўлган тизимининг ўзида ҳам бюджет маблағларини тап тортмасдан талон-торож қилиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.

Масалан, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Тайлоқ туман бўлими мансабдор шахслари ноқонуний равишда 10та ҳолатда 111 млн сўмлик пенсия маблағларни ўзида бўлган пластик картасига ўтказиб, ўзлаштириб юборган.

Top