12:58 / 12.12.2020
11261

Андижонда биринчи марта болалар туғма юрак нуқсонлари очиқ усулда операция қилинди

Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсонларининг мураккаб жарроҳлик амалиёти биринчи марта муваффақиятли тарзда ўтказилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. 

Андижон вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг болалар кардиожарроҳлик бўлимига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги кўмаги билан жорий йилда замонавий тиббий асбоб-ускуналар олиб келинди. Илмий-амалий операцияларни халқаро андозаларга мос равишда ўтказиш имконини берадиган сунъий қон айланиш аппарати ўрнатилди. 

Бу ерда дастлабки операциялар академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослашган хирургия марказининг кардиожарроҳ мутахассислари томонидан «мастер-класс» тарзида ўтказилди. Бундай маҳорат дарсида қатнашган тиббиёт маркази мутахассислари ўзлари учун керакли сабоқ олиб, малака оширди.

- Болаларда учрайдиган туғма юрак нуқсонларини очиқ усулда операция қилиш дунёнинг ривожланган мамлакатларида амалга оширилади. Бизга яратиб берилган кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда, бундай жарроҳлик амалиётларини илк бор Андижонда ҳам ўтказдик. Тиббиёт марказимизда ўтказилган 6та мураккаб операцияда клиниканинг тажрибали мутахассислари билан биргаликда бир ой Уфада ўқиб келган, бир ой Республика ихтисослашган хирургия марказида ўқиб, малака оширган кардиолог, реаниматолог шифокорлар ва ҳамширалар иштирок этди. Яқин кунларда бўлимда яна ўнлаб бемор болаларда шундай жарроҳлик амалиётини ўтказиш ҳамда юқори технологияли тиббий ёрдам кўрсатиш режалаштирилган, - дейди тиббиёт маркази бош шифокори Салоҳиддин Юсупов.

Беш нафар беморда сунъий қон айлантириш ускунаси ёрдамида тўхтатилган юракда очиқ жарроҳлик амалиёти бажарилди. Бўлмачалараро ва қоринчалараро бўлган икки турдаги юрак пороги операцияси муваффақиятли ўтди. 

Эндиликда, тиббиёт марказининг кардиолог шифокорлари туғма юрак нуқсонлари билан боғлиқ операцияларни бемалол ўтказа олади. Бунинг учун уларда керакли малака ҳам, етарли даражада шарт-шароит ва имконият ҳам бор.

Top