11:48 / 13.12.2020
4177

«Ўзбекнефтгаз» МҲХС асосида тузган ҳисоботига Ernst&Young'дан ижобий аудит хулосаси олди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йил 9 июлда ПҚ–4388-сон билан имзоланган «Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефт-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2020 йил 24 февралда ПҚ–4611-сон билан тасдиқланган «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларининг ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекнефтгаз» АЖда халқаро аудиторлик компанияларини жалб қилган ҳолда мустақил ташқи аудит ўтказилмоқда.

Штаб квартираси Лондонда жойлашган «Ernst & Young» дунёдаги йирик аудитор-консалтинг компанияларидан бири ҳисобланади ва ушбу компания «Ўзбекнефтгаз» АЖ 2016–2017 йиллар фаолияти бўйича молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида тузилган консолидациялашган молиявий ҳисобот юзасидан ўз аудит хулосасини берганди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Москва шаҳрига ташрифи вақтида «Ernst & Young» халқаро аудиторлик компанияси вакиллари билан учрашганди.

Учрашув давомида томонлар «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС) асосида тайёрланган консолидациялашган молиявий ҳисоботлари аудитининг бориши муҳокама қилинган ҳамда барча ишлар имкон қадар 2020 йил охиригача якунланишига келишиб олинган.

Ушбу келишувга асосан, «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг 2016–2019 йил учун барча консолидациялашган молиявий ҳисоботлари халқаро рейтинг агентлигига тақдим этилмоқда.

«Қувонарлиси, «Ernst & Young» халқаро аудиторлик компанияси томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг МҲХС асосида 2018 йил учун тузилган консолидациялашган молиявий ҳисобот (220дан ортиқ корхона ҳисоботлари жамланган) бўйича ижобий аудиторлик хулосасини берди.

Мазкур аудиторлик хулосасини олишда ва консолидациялашган молиявий ҳисобот кўрсаткичларининг шаффофлигини таъминлашда қатор эксперт ҳисоботлари ҳам талаб этилди. Жумладан, жамиятнинг ерости углеводородлар захираси жаҳонда машҳур «DeGoleyer & MacNaughton» консалтинг компанияси, асосий воситалар ва тугалланмаган қурилиш объектларининг ҳаққоний қийматини баҳоловчи «KPMG Tax & Advisory» компанияси ҳамда ходимлар олдидаги ижтимоий мажбуриятларнинг актур ҳисоб-китоби «Actuary Service» компанияси томонидан баҳолаб берилди», дейилади «Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати хабарида.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларини жорий этиш бўлими бошлиғи Ҳамза Тухсановнинг маълум қилишича, консолидациялашган молиявий ҳисоботлар бўйича олинган ушбу аудит хулосалари орқали «Ўзбекнефтгаз» АЖ халқаро рейтинг агентликлари, молиявий ва юридик консултантлар билан ҳамкорликда корпоратив кредит рейтингини олиш, савдолар, активлар рентабеллиги, активлар ва мажбуриятларнинг айланиш даражаси ҳамда бошқа кўрсаткичлар бўйича халқаро амалиёт асосида белгиланадиган минимал талабларни амалиётга жорий этишни мақсад қилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top