08:05 / 15.12.2020
6191

Японлар «СамАвто» негизида автобус ва бошқа транспорт воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин 

Жорий йилнинг 14 декабр куни ҳукумат делегациясининг Японияга ташрифи чоғида Токио шаҳрида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Япония бизнес федерацияси “Япония-МДҲ” бизнес ҳамкорлиги қўмитаси кенгаши раиси ва “Marubeni Corporation” компанияси раиси Фумия Кокубу, “Itochu Corporation” компанияси президенти ва бош бошқарувчи директори Йошихиса Сузуки ҳамда “Mitsubishi Corporation” компанияси бош ижрочи директори Такехико Какиучи билан учрашувлар ўтказди.

Фумия Кокубу билан учрашув чоғида истиқболли тармоқларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутган ҳолда, Ўзбекистонда япон тадбиркорларининг муваффақиятли фаолияти учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш орқали Ўзбекистон-Япония ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу чора-тадбирлардан бири сифатида томонлар бизнес шерикчилик истиқболларини муҳокама қилиш ва аниқ лойиҳа ва ташаббусларни келишиб олиш мақсадида “Кейданрен” Япония бизнес федерацияси шафелигида йирик япон компания ва корпорациялари раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш имкониятларини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда “Marubeni” компанияси билан ҳамкорликда энергетика, геология ва кимё саноати соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар билан боғлиқ амалий масалалар кўриб чиқилиб, кимё ва тўқимачилик саноатида янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳисобига компаниянинг бозордаги иштирокини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.

“Mitsubishi” компанияси раҳбари билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида корпорациянинг Ўзбекистонда энергетика ва инфратузилмавий ривожланиш соҳаларида кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишдаги муҳим роли таъкидланди. Ушбу лойиҳаларнинг муҳим афзалликлари – Япониянинг энергия тежайдиган илғор технологиялари жорий этилгани ва юқори иқтисодий самарадорлик.

Шу билан бирга, учрашувда фаол инвестициявий шерикликка ўтиш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини - муқобил энергетика, тўқимачилик ва нефт-кимё саноатларини қамраб олиш орқали ҳамкорликни чуқурлаштириш имкониятлари кўриб чиқилди. Шу нуқтайи назардан томонлар Япониянинг етакчи тўқимачилик брендларини Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга жалб этиш мақсадида биргаликда иш олиб боришнинг истиқболларини муҳокама қилди.

“Itochu” компанияси раҳбари билан бўлиб ўтган музокаралар кун тартибидан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, “СамАвто” корхонаси ишлаб чиқариш объектлари негизида автобус ва бошқа транспорт воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда “Ди-Макс” автомобиллари учун бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш таҳлилини ўз ичига олди. Шу билан бирга, компания раҳбарияти инвестицияларнинг янги истиқболли йўналишларини ишлаб чиқиш орқали ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Top