15:31 / 16.12.2020
2464

Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига 4000 дона экспрес-тест тўпламларини тақдим қилди

Корея халқаро соғлиқни сақлаш жамғармаси (KOFIH)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Себастьян Ю томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига 4000 дона экспрес-тест тўпламлари тақдим қилинди. Вазирлик номидан уларни вазир ўринбосари Шоҳрух Шараҳметов қабул қилиб олди.  

«Экспресс-тестлар организмга тушган коронавирусга нисбатан иммун тизимининг курашиш қобилиятини аниқлаш имконини беради, бунда касаллик жараёнининг кечув даври, организмнинг вирусга қарши қандай курашаётгани ва ҳосил қилинган иммунитет таначалари баҳоланади. Бу усул инсоннинг қон намунаси орқали текширилади. Мазкур тестлар юртимиз аҳолиси орасида коронавирус инфекциясини тезда аниқлаб, уни барвақт даволаш имконини беради», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

KOFIH — Корея Республикасининг соғлиқни сақлаш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳузуридаги ташкилот бўлиб, соғлиқни сақлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари, яъни чет давлатларда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш учун беғараз лойиҳалар билан шуғулланади. 

Ҳозирги кунда KOFIH 20дан ортиқ мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар орасида Ўзбекистон ҳам бор. Жамғарма ҳамкорликни йўлга қўйган мамлакатлар турли ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириб келади. Уларнинг асосий қисмини  биринчи тиббий ёрдам, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ижтимоий масалалар ташкил этади. 

Ана шундай лойиҳалардан бири KOFIH малака ошириш дастури доирасида 2007 йилдан бошлаб Ўзбекистондан 60дан ортиқ шифокор Корея Республикасининг етакчи олий ўқув юртларида малака ошириб қайтган.

KOFIH Болалар миллий тиббиёт марказини ташкилий ишларига ва бошқарув фаолиятига кўмаклашиб келмоқда. Марказда шошилинч тиббий ёрдам хизматлари ва бачадон бўйни саратонига қарши кураш лойиҳалари қўллаб-қувватланмоқда.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top