13:24 / 17.12.2020
4811

Энди ESPORTS Uzbekistan аъзолари 24/7 режимида ишлаш имкониятига эга бўлишди – Спорт вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг 2020 йил 6 январдаги топшириғига мувофиқ, ҳудудларда ёшларнинг ахборот технологиялари ва интернетдан унумли фойдаланишга бўлган қизиқиши ва кўникмасини ошириш мақсадида киберспорт марказларини ташкил этиш юзасидан топшириқлар берилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 ноябрдаги «Андижон вилоятида аҳоли, шу жумладан ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернет жаҳон ахборот тармоғидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 921-сонли қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, Андижон вилояти мисолида жойларда компьютер индустрияси ва спортини ривожлантириш бўйича тегишли вазифаларни амалга ошириш белгиланган.

Бунинг учун компьютер спорти бўйича Ўзбекистон чемпионатлари ва кубокларини юқори савияда ташкил этиш, терма жамоа аъзоларининг халқаро спорт мусобақаларига тайёргарлик кўришлари учун етарли шароитларни яратиш зарур. Шу мақсадда Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси (Uzbekistan Esports Federation) билан ҳамкорлик сертификатига эга “Esports Centre” киберспорт марказлари фаолиятига (халқаро мусобақалар давридаги вақт тафовутни инобатга олиб) 24/7 режимида ишлашга рухсат берилди.

Компьютер спорти билан ер юзида миллионлаб инсонлар шуғулланади. Интернет жисмоний чекловларни олиб ташлаб, бошқа давлат ёки шаҳарлардаги дўстлар билан биргаликда ўйнаш учун имконият тақдим этади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Esports Uzbekistan сертификатига эга бўлган Ўзбекистондаги киберспорт ареналари (Esports center)га туну-кун, яъни 24/7 режимида ишлашга рухсат берилди. Бу киберспортчиларга Ўзбекистон чемпионатлари ҳамда халқаро мусобақаларга муносиб тайёргарлик кўришлари учун шароит яратади.

Қўшимча маълумотларни +99890 315-24-24 рақами орқали олишингиз мумкин.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Top