Спорт | 20:35 / 05.01.2021
9209
3 дақиқада ўқилади

Ўсмирлар Осиё ўйинларига 15 мингга яқин меҳмон келади, Бўстонлиқда олимпия шаҳарчаси қурилади — спорт вазири

Тошкент шаҳри 2025 йилда ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев 5 январь куни Халқаро пресс-клубдаги чиқишида ушбу мусобақага тайёргарлик ҳақида маълумот берди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Вазирнинг маълум қилишича, шу пайтгача ўтказилган ўсмирлар ёзги Осиё ўйинларида ўртача 5 минг нафарга яқин спортчи иштирок этган. Тренерлар, шифокорлар, расмий делегация вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари қўшиб ҳисобланса, Тошкентга ўртача 15 мингга яқин меҳмон келиши кутилмоқда.

«Албатта, бунинг учун етарлича шароит яратилиши лозим. Шу мақсадда президентимизнинг топшириқларига асосан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида барча шароитларга эга, халқаро талабларга жавоб берадиган Олимпия шаҳарчаси барпо этилади.

Бу борада Қурилиш вазирлиги билан амалий ишлар бошлаб юборилган ва бу ерда барча инфратузилма муҳайё қилиниб, Олимпия шаҳарчаси 2025 йилгача фойдаланишга топширилиши керак.

Бу мусобақани ўтказиш учун Осиё Олимпия Кенгашининг ўзига яраша талаблари ҳам бор. Жумладан, кейинги йилдан мусобақанинг тарғибот ишларини бошлаш, унинг эмблемаси ва рамзини яратиш каби вазифалар бор. Ўз навбатида, ООКнинг махсус ишчи гуруҳи келиб, тайёргарлик ишларининг қандай бораётганлигини ўрганади. Ҳар йили Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан бир йилда қилинган ишлар, келгуси йилги режалар бўйича тақдимотлар қилиб боради.

Ўсмирлар ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қиладиган давлатнинг ютуғи – улар мусобақа дастурига киритиладиган спорт турларини белгилаб беришади. Аммо мусобақа дастуридан Олимпия ўйинларига киритилган камида 8та спорт тури ўрин олиши керак.

Биз мезбонлик қилгач, табиийки, юртимизда анчагина ривожланган спорт турлари, жумладан эркин ва юнон-рум кураши, бокс, дзюдо, жамоавий ўйин турларидан футбол, қолаверса сузиш каби турлар ва албатта ўзимизнинг миллий спорт турларини киритишга ҳаракат қиламиз.

Ўз навбатида, ёшларимизни бугундан ушбу мусобақага пухта тайёрлаб бориш, бунинг учун селекция ишларини кучайтириш, терма жамоаларга барча шароитларни яратиб бериш чораларини кўрамиз», – дея Дилмурод Набиевнинг сўзларини келтирмоқда Спорт вазирлиги матбуот хизмати.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид