18:30 / 18.12.2020
5988

Жисмоний тарбия ва спортни фаол тарғиб қилган корхона-ташкилотлар тақдирланди – Спорт вазирлиги

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 январдаги «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 6-сон Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан танлов ўтказиб келинмоқда.

17 декабр куни мазкур танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Ғолибларни тақдирлаш маросими пойтахтимиздаги «Зарафшон» концерт залида ташкиллаштирилди.

Тадбирда Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Авазжон Каримов сўзга чиқди.

Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳнамолигида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бугунги ўтказилаётган тадбиримиз ҳам мана шу саъй-ҳаракатлар давоми десак, муболаға бўлмайди.

Фурсатдан фойдаланиб, «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ходимларининг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширганлиги учун» танловида ғолиб деб топилган барча корхона-ташкилотлар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларини самимий муборакбод этаман.

Ушбу танловда ташкилотларнинг барча бўлинмалари миқёсида ташкил этилган соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ўтказганлиги учун ҳамда аҳолининг кенг қатлами орасида оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этганлиги учун номинацияларида ғолиблар аниқланди.

Унга кўра, 2020 йили ўтказилган танловда корхона-ташкилотлар ўртасида «Ўзбекистон темир йўллари» акционерлик жамияти ўз ходимлари орасида соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ташкил этганлиги учун ғолибликка муносиб кўрилган бўлса, «Аҳолининг кенг қатламлари ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этганлиги учун» номинациясида бу сафар Тошкент шаҳар Миробод тумани ҳокимлиги энг кўп овоз билан ғолибликни қўлга киритди.

Танлов ғолибларига «Жисмоний тарбия ва спорт аълочиси» кўкрак нишони ҳамда Ўзбекистон Республикасида ўрнатилган базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида пул мукофотлари топширилди.

Маълумот учун, 2019 йил корхона ва ташкилотлар ўртасида ўтказилган «Ташкилотларнинг барча бўлинмалари миқёсида ташкил этилган соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини мунтазам равишда ўтказганлиги учун» номинациясида ғолиблик Тошкент вилоятининг «Maxam-Chirchiq» акционерлик жамиятига насиб этган бўлса, «Аҳолининг кенг қатламлари ўртасида оммавий спортни ривожлантириш, оммавий спорт тадбирларини ташкил этганлиги учун» номинацияси бўйича Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ғолиб, деб топилганди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Матбуот хизмати

Top