20:28 / 19.12.2020
9556

Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2021 йилнинг охиригача ҳокимликнинг «снос»лар бўйича барча қарзлари қопланишини айтди   

Бугун, 19 декабр куни, пойтахт ҳокимлигида халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда Жаҳонгир Ортиқхўжаев турли даврларда Тошкент шаҳрида давлат ташкилотлари ва ҳокимият эҳтиёжлари учун бузиб ташланган хусусий мулк эгаларига қарздорликни қайтариш бўйича саволга жавоб берди.

«Снос бўйича… Албатта, ҳеч қўрқмасдан айтишим мумкинки, бу йил Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2005 йилдан бошлаб бузилиб кетган мулкларнинг пулини тўлади. Ўзбекистон тарихида бир йилда бунча компенсация тўланмаган, бу йил 700-800 миллиард сўмга яқин маблағимиз пул кўринишида, ер бериш кўринишида «снос» учун тўловларга кетди.

Айтмоқчиманки, бизнинг ҳисобларимиз бор, келаси йилнинг охиригача жойи бузилган бирорта ҳам одам тўловсиз қолмайди. 2021 йилда 2005 йилдан бугунгача бузилган ҳамма бинолар адолатли бўлса, нарх тафовути тўғри бўлса ёки суд қарори бўлса пули тўланмасдан қолмайди. Пулини берамиз ёки ер кўринишида берамиз. Ерини беролмасак, бошқа мулк кўринишида берамиз.

Бундан ташқари, энди давлат эҳтиёжлари учун бузиладиган бўлса, олдин керакли компенсацияси берилади. Қўлимизда етарли пулимиз ёки еримиз бўлганидан кейин эгасининг розилиги билан бузишга қарор қиламиз. Олдингидаги каби [қонунсиз хусусий мулкларни бузиш - «снос»] ишларни қилмасликка ҳаракат қиламиз. Олдимизга шу мақсадни қўйдик», - деди Тошкент шаҳар ҳокими.

Top