Akfa ва Artel компаниялари асосчиси, Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев импортга чекловлар киритилишига қарши эканини билдирди. Бу ҳақда у “Лолазор” подкастидаги иштироки вақтида айтиб ўтди.
Ортиқхўжаевнинг Artel компанияси Ўзбекистонда энг йирик маиший техника ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. 2019 йилгача мамлакатга хориждан кондиционер, совуткич каби маиший техникалар учун импорт божлари 0 фоиз эди. Ўша йили ноябрда маиший техника товарлари учун 30 фоизгача божлар киритилди. Қолаверса, жисмоний шахслар хориждан ҳар ойда кўпи билан 1 та маиший техника олиб кира оларди, 2019 йилда бу чеклов 6 ойда 1 та деб оширилди. Қўшни мамлакатлардан олиб кириладиган товарлар қиймати 1000 доллардан 300 долларга туширилди.
“Мана шу чекловлардан сизнинг бизнес структурангизнинг асосий икки устуни бўлган Akfa ва Artel компаниялар гуруҳлари ютдими ёки ютқаздими?” дея сўради подкаст резиденти, иқтисодчи Отабек Бакиров.
Бунга жавобан Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳар қандай импорт чекловларига қарши эканини айтди.
“Бизнинг компанияга қолса, масалан, Artel, ўша куни Шоҳрух ҳам айтди, биз импортга ҳар қандай чеклов қўйишга қаршимиз. У бизга зарар. Очиқчасига зарар беради.
Биз ҳар томонлама ҳисоблаб чиқдик. Мана, бугунги кунда биз тўлаётган солиқлар ва чет элдан олиб кираётганлар тўлаётган солиқларни солиштирсак, агар бизга ҳам ноль, импортдан кириб келаётганга ҳам ноль бўлса, биз ютамиз экан, яна кўпроқ фойда топар эканмиз”, – деди у.
Худди шундай позицияни аввалроқ Kun.uz студиясидаги суҳбатда Artel бошқаруви раиси Шоҳрух Рўзиқулов ҳам айтиб ўтган эди.
Отабек Бакиров подкастдан кейин маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш учун жорий этилаётган чекловлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга зиён келтираётганини соҳадаги энг йирик ишлаб чиқарувчининг ўзи тасдиқлаб турганидан келиб чиқиб, ташқи савдо соҳаси бўйича масъулларни маиший техникадаги протекционизмдан воз кечишга чақирди.
“















