13:15 / 19.12.2020
5563

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Бухорода табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтиришга оид ишлар ҳолатини ўрганди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва ишчи гуруҳ аъзолари “Дояхотин”, “Ҳожиқазғон”, “Кулбешкак” ва “Саватли” конларида газ қазиб чиқаришни кўпайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

“Дояхотин”, “Ҳожиқазғон”, “Кулбешкак” ва “Саватли” конларида 2020 йилда амалга оширилган геологик-техник тадбирлар ва келгуси йилда режалаштирилган чора-тадбирлар, шунингдек, табиий газ қазиб чиқариш прогноз кўрсаткичларининг бажарилиши юзасидан жойида яқиндан ўрганиш ишлари олиб борилди.

“Дояхотин” конида табиий газ қазиб олиш учун қудуқлар фонди 53 тани ташкил этиб, бугунги кунда кондан бир кунда 5,6 млн куб метр табиий газ қазиб олинмоқда. Бошқарув раиси ушбу коннинг самарадорлиги яхши эканлигини таъкидлаб, қазиб чиқариш ҳажмини ошириш борасида топшириқлар берди.

Шунингдек, ушбу конда табиий газ қазиб олишни автоматик равишда бошқариш, тезкорликни ошириш ҳамда ҳисоб тизими йўлга қўйилган бўлиб, конда ўрнатилган замонавий ҳисоблагичлар ва уларнинг ҳисоб тизими ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.

Ишчи ходимларга қазиб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган янги таклифларни ишлаб чиқиш ва режа кўрсаткичларини бажаришда фаол хизмат кўрсатган ишчи ходимлар йил якунида Бошқарув раиси томонидан рағбатлантирилиши айтиб ўтилди.

“Ҳожиқазғон” конида табиий газ қазиб олиш учун қудуқлар фонди 23 тани ташкил этиб, бугунги кунда кондан 1,1 млн куб метр табиий газ қазиб олинмоқда. “Ишчи гуруҳ” аъзолари бу конда 15 қатламдан кам олтингугуртли ва 18 қатламдан олтингугуртсиз, 2 та қатламдан алоҳида қувурлар орқали ишлатилиб келинаётгани ҳолати ва олтингугуртсиз қазиб олинаётган газни қувурлар орқали магистраль газ қувурларига етказиб берилиши жараёнини назорат қилди.

Шундан сўнг, “Кулбешкак” конида ишчи-ходимлар учун яратилган шароит ва мавжуд муаммолар ҳолати танқидий кўриб чиқилди. Бу конда табиий газ қазиб олиш учун қудуқлар фонди 25 тани ташкил этиб, бугунги кунда кондан 1,1 млн куб метр табиий газ қазиб олинмоқда. Кондан қазиб олинган миқдорлар – жами 21,5 км газ қувурлари орқали “Газли” газни қайта ишлаш заводига етказиб берилмоқда.

Ушбу газ қазиб олиш конларида газ йиғиш тизимини оптималлаштириш, замонавий ҳисоблагичлар, ҳамда муқобил электр энергия билан таъминлаш, рақамли кон дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ишларини қисқа муддатларда тугатиш юзасидан тегишли раҳбарларга кўрсатмалар берилди.

“Саватли” конида ҳам табиий газ қазиб чиқариш ҳолати ўрганилиши баробарида, бу ерда ҳам ишчиларнинг ишлаш ҳамда яшаш шароитлари жойида ўрганилди.

Бошқарув раиси ишчилар билан суҳбатда бўлиб, мавжуд камчиликлар ҳамда муаммоларни муҳокама қилди.

Ушбу кон 2019 йилда ишлатишга топширилган бўлиб, конда қудуқлар фонди 6 тани ташкил этиб, бугунги кунда бир кунда 402 минг куб метр табиий газ ва 5 тонна газ конденсати қазиб олинмоқда.

Бугунги кунда ушбу конлар саноат миқёсида ишлатилаётган бўлиб, кунлик 8,2 млн куб метр табиий газ ва 63 тонна газ конденсати қазиб олинмоқда. Ушбу конларда табиий газ қазиб чиқариш қудуқлар сони – жами 107 га яқин бўлиб, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси умумий қудуқларнинг қарийб 52 фоизни ташкил этади.

Ушбу конларда 2021 йилда 34 та янги қудуқлар бурғилаб ишлатишга туширилиши, 50 та қудуқларда капитал таъмирлаш ишларини олиб борилиши ҳисобига 430,0 млн.куб.м табиий газ ва 4,5 минг тонна газ конденсати қазиб олиниши режалаштирилган.

2021 йилда жами ушбу конлардан 2,6 млрд.куб.м табиий газ қазиб олиш режалаштирилган бўлиб, ушбу конлар Газли газни қайта ишлаш заводида ишга туширилиши кутилаётган Пропан-бутан аралашмаси ажратиб олиш қурилмасининг хомашё базаси ҳисобланади.

Бундан ташқари, “Ишчи гуруҳ” “Ўзбекнефтгаз” АЖ ўз маблағлари ҳисобидан бурғилашдан тугатилган 84-сонли қудуққа ташриф буюриб, қудуқ ишчи кўрсаткичлари ва бурғилаш тезлиги, муаммоли масалалари юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Бурғилаш ишлари олиб борилаётган бригада ва конда хизмат кўрсатаётган ишчи ходимлар билан яқиндан суҳбатлашиб, ишлаш учун шароит, ишлаб чиқаришдаги муаммоли масалалари ва уларнинг ечими, янги таклифлар юзасидан музокаралар олиб борилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бугунги кунда қазиб чиқариш хомашё базасини ошириш йўналишида ҳам бир қатор тадбирлар амалга ошираётган бўлиб, 2020 йилга мўлжалланган углеводород хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш Дастури доирасида геологик-қидирув ишларидан янги “Ўртақум” конида олиб борилган бурғилаш ишлари натижасида 1-сонли қудуқдан саноат миқёсида табиий газ оқими олинган эди, ушбу янги кон Бошқарув раиси томонидан тантанали ишлатишга топширилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top