22:55 / 19.12.2020
7471

Зойир Мирзаев: «Вилоятда ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган оддийгина кафел четдан импорт қилинмоқда»

Бугун Қашқадарёда халқ депутатлари вилоят кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев вилоят аҳолисига мурожаат қилди. Сессияда Kun.uz мухбири ҳам иштирок этди.

Зойир Мирзаев 2020 йилги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда келгуси 2021 йил учун белгиланган устувор вазифалар юзасидан вилоят аҳолисига мурожаат қилар экан, вилоятда бир қатор соҳаларда ўсиш кузатилганини, яна бир қатор соҳаларда кўрсаткичлар ўтган йилгига қараганда паст бўлганини маълум қилди. Жумладан, ялпи ички маҳсулот ҳажми 100,6 фоиз, халқ истеъмоли молларини ишлаб чиқариш 102,4 фоизга, хизмат кўрсатиш 102,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш 102,7 фоизга, пудрат ишлари 103,1 фоизга ўсган.

Лекин саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш камайган. Республика тасарруфидаги 11 та  йирик ҳамда 10 та ҳудудий корхоналар томонидан ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 триллион сўмга кам бўлган.

Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, Шаҳрисабз шаҳар, Косон, Касби, Миришкор туманларида бирорта маҳаллийлаштириш лойиҳалари мавжуд эмас.

«Вилоятда ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган оддийгина кафел ва ёғоч қириндили плиталар (ДСП) четдан импорт қилинмоқда», деган вилоят ҳокими.

Зойир Мирзаев вилоятда ўтказилган кенг миқёсдаги хатлов ишларига ҳам тўхталган. Жумладан, вилоятдаги 5 та туманда (Китоб, Ғузор, Қарши, Касби, Миришкор) хатлов ишлари олиб борилиши оқибатида ноқонуний фаолият олиб борилиши ҳолатлари мавжуд эканлигини таъкидлаб ўтган.

«Хатловларда 52 та бўш ва самарасиз фойдаланиб келинаётган бинолар аниқланди. 282 та субъект эса ҳеч жойдан рўйхатдан ўтмасдан туриб, унда 480 нафар ишчи ишламоқда. Шунингдек, 890 нафар фаолиятсиз субъектларнинг нима учун ўз фаолиятини тўхтатганлиги сабаблари бирма-бир ўрганиб чиқилди. Қайд этиш жоизки, ўрганишлар доираси жами 2200 нафар иш ўрни ва бир ойда 2,1 млрд сўм қўшимча солиқ базаси аниқланди,» – дея таъкидлаган Зойир Мирзаев.

Top